Режа аниқ, вазифа масъулиятли, навбат - амалий ишга

28.10.2020 22:10:02

Янгиланаётган  Ўзбекистоннинг муҳим таянчи бу – ёшларимиз ва хотин-қизларимиз ҳисобланади. Биз уйғониш даври остонасига қадам қўяётган, янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини юксалтиришга интилаётган эканмиз, бу саъй-ҳаракатларимизни ижтимоий фаол, ўз кучига ишонган, ҳар томонлама баркамол ёшлар ва аёлларсиз тасаввур қила олмаймиз. Аммо тан олишимиз керак, ишсиз, ҳунарсиз, ҳатто яккаланиб қолган, халқ тили билан айтганда уюшмаган ёшлар, аёллар қатлами ҳам мавжудки, уларни четга суриб қўйиб, олдимизга қўйилган олижаноб мақсадларимизга эриша олмаймиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан шу муаммолар таҳлил қилинди ва бу борада мутлақо янги тизим яратилиши хусусида фикр юритилди.

Видеоселекторда мутасаддиларга ушбу тизимнинг намунавий шаклини ишлаб чиқиш ва мамлакатимиздаги 28 та ҳудудда синовдан ўтказиш вазифаси юклатилди. Бинобарин, бу масала парламентни, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини фаолликка ундамоқда. Қолаверса, партиямиз дастурида ҳам ёшлар ва хотин-қизлар масаласига катта эътибор қаратилган.

Айни кунларда жойларда бу йўналишдаги ишлар тизимли давом эттирилаётганлигининг гувоҳи бўласиз. Умуман олганда, “темир дафтар” ҳар бир эҳтиёжманд оилага кириб бориб, уларни ижтимоий ҳимоялаш ва манзилли ёрдамлашишда муҳим ўрин тутмоқда. Эндиликда давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида муҳтож аёллар ва ёшлар истиқомат қиладиган оилаларгача кириб бориши бўйича янги иш тартиби белгиланди. Бу борада вилоятимизда ёрдамга муҳтож ва камбағал оилалардаги ишсизларнинг бандлигини таъминлаш ва манзилли қўллаб-қувватлаш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган Бу борада ишчи гуруҳлар таркибида биз депутатлар ҳам фаолмят олиб боряпмиз.  Маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилаяпти. Айни кунларда вилоятда Термиз  шаҳри ва Қумқўрғон тумани танлаб олиниб, тажриба сифатида бир қатор ишлар бошлаб юборилди. Ҳозирда ишчи гуруҳлар томонидан Термиз шаҳри ва Қумқўрғон туманида ишсиз ёшлар бўйича алоҳида ҳамда ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича дафтарларнинг рўйхатларини шакллантиришда хатлов ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 7 мингдан ортиқ ёшлар ва аёллар рўйхатга олиниб, электрон базага киритилмоқда.

Ўзим депутат сифатида ҳудудларга борганимда сайловчилар билан юзма-юз учрашганимда ўз муаммоларини очиқ айтишга тортниб турган кўплаб аёлларга дуч келганман. Баъзи ёшлар эса муаммоси ҳал бўлмагани учун ўзи ёлғиз, ҳеч кимдан мадад сўрамасдан ҳаракат қилишни афзал кўради ёки хорижга чиқиб кетиш фикрига боради. Фақат тирикчилик учун етадиган даромад топаётган ана шундай ёшлар орасида иқтидорлилари, оламшумул кашфиётлар яратадиган ёшларимиз ҳам талайгина. Мен аминманки, ёшлар, аёллар билан боғлиқ масалалар долзарблигини йўқотмайди ва бу биз депутатлардан фаол, ташаббускор ҳамда чуқур билим ҳамда салоҳият билан фаолият олиб боришни тақозо этади.

Пандемия даврида “Темир дафтар” эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлашда катта самара берди. Эндиликда бу эзгу саъй-ҳаракатларнинг қамрови янада кенгайиб, ишсиз ёшлар ва аёлларнинг турмуш шароити ўрганиб чиқилмоқда. Дафтарлар шакллантирилганидан сўнг, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ўргатиш кабиларга эътибор қаратилади. Масалан,  Термиз шаҳри ва Бойсун туманида касаначилик орқали кўплаб иш ўринлари яратиш ҳамда даромад манбаини топиш мумкин.

Мазкур улуғвор ислоҳотлардан кўзланган мақсад ёшлар ва аёлларни фақат билимли, ҳунарли, касбли ва ишли қилишдангина иборат эмас, балки уларга мотивация уйғотиш, яъни эртанги кунга ишонч, яшашга иштиёқ ва юртга муҳаббатни шакллантиришдан иборатдир. Бунинг замирида ватанпарварликдек улуғ туйғу мужассам.

Назокат ХИДИРОВА,

Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+