Сабр ва матонат билан енгиб ўтамиз!

30.07.2020 21:07:57

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган навбатдаги видеоселектор йиғилишида коронавирус пандемияси шароитида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ҳаётини асраш, юртимизда инфекцияни жиловлашда улкан жасорат ва фидойилик намуналарини кўрсатган бир гуруҳ фидойи касб эгаларини фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармони имзолаганлиги таъкидланди.

Айниқса ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, касалликка қарши мардона курашаётган фидойи шифокорларимизга алоҳида чуқур миннатдорчилигини билдириб ўтди.

Республикамизда карантин эълон қилинган дастлабки кунларданоқ  муҳтарам Президентимиз тиббиёт соҳаси мутахассисларининг маошларига қўшимча ҳақ тўлаб берилиши, қўллаб-қувватланишини қайд этдилар.  Жорий йилнинг 26 мартида “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча  чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарорни имзоладилар. Ушбу қарорга мувофиқ тиббиёт ходимларининг   маошларига  қўшимча тўланиши кўрсатиб ўтилган. Айни тиббиёт ходимлари учун қизғин паллада ушбу қарорнинг чиқиши  барча тиббиёт ходимларини руҳлантириб юборди. Тўғри моддий рағбатлантириш ҳам муҳим, лекин муҳтарам Президентимизнинг мурожаатлари тиббиёт ходимлари учун юксак баҳо бўлди.

Ҳақиқатдан ҳам, коронавирус инфекцияси дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда, тиббиёт ходимлари зиммасидаги маъсулият янада ошиши билан бирга, улар фаолиятининг ҳар куни, керак бўлса, ҳар бир дақиқаси кахрамонлик эканлиги яққол намоён бўлмоқда. Айни вазиятдан келиб чиқиб, коронавирус инфекциясига чалинган ёки гумон қилинганларга биринчи бўлиб тиббиёт ходимлари рўпара бўлишди. Ўз касбига содиқ қолган ҳолда, беморлар тиббий кузатувга олиниб, зудлик билан даволаш чораларини кўришмоқда.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан олдинда бундай мукофотлар кўп бўлишини таъкидлаб, бу курашда ўзини аямай меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимлари албатта муносиб тақдирланишини айтди.

Азалдан халқимиз томонидан инсонларга шифо улашгувчилар қадрланиб келинган. Негаки, саломатлик энг улуғ неъматдир. Ана шу улуғ неъматни асрашдек шарафли касбни танлаган шифокорларимиз зиммасида катта маъсулият бор. Шундай шарафли вазифани ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда бажариб келаётган тиббиёт ходимларининг ҳар бир куни қахрамонликдир.

Президентимизнинг қайд этишича, бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланади. Бунинг учун ҳар биримиз шифокорларнинг тавсияларига амал қилган ҳолда, имкон қадар кўчага чиқмасдан гигиена қоидаларига риоя қилсангиз тиббиёт ходимларига энг катта кўмак берган бўласиз. Бирдамлигимиз эса дунёни ларзага солаётган офат устидан ғолиб бўлишда ҳал қилувчи рол ўйнаши шубҳасиз.

Ушбу вирусли инфекцияни жиловлаш, унинг тарқалиши олдини олиш, сизу бизнинг қўлимизда эканлигини унутмайлик. Касалликни энг қадрли инсонларимизга юқишига сабабчи бўлиб, виждон азобида қолмайлик. Тиббиёт ходимлари тавсияларига риоя қилиб, уйда қолинг, ўз қўрғонингизни ўзингиз асранг, азиз юртдошлар!

Президентимиз таъкидлаганидек, барчамиз ҳамжиҳатликда, чуқур масъулият билан тизимли ишласак, бу оғир синовларни албатта енгамиз.

 

Нурлыбай ҚАИПБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+