Сафдошимизнинг ғалла хирмонига ҳиссаси

16.06.2020 12:06:08

Ўлкамизга ёз келиб, пишиқчилик мавсуми бошланди. Шу кунларда бободеҳқонларнинг далалар ва боғ-роғлардаги ташвиши ортган. Айниқса, ғаллакорлар учун ғоят масъулиятли дамлар давом этмоқда. Чунки ўтган йил куздан бери қилинган меҳнат самараси – пишиб етилган буғдойни тез ва қисқа муддатларда, нобудгарчиликка йўл қўймаган ҳолда йиғиб олиш даркор.

Зафаржон Ҳасанов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Поп туман кенгаши раиси:

– Май ойининг охирги куни  Ҳазратибоб зиёратгоҳида ғалла ўрим-йиғими бошланишига бағишланган тантанали маросим бўлди. У карантин қоидаларига тўла риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Кенг жамоатчилик вакиллари, фермерлар, комбайнчи ва ҳайдовчилар туманнинг улкан дон хирмонини бунёд этиш учун барча чора-тадбирларни кўриш зарурлигини қайд этдилар. Халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган буғдойнинг бир мисқолини ҳам нобуд қилмаслик асосий мақсадга айланиши лозимлиги таъкидланди.

Дарвоқе, мазкур тадбирда сафдошимиз ҳам сўзга чиқиб, ўзи бош бўлган 121-отряд аъзолари ўрим-йиғимни намунали ўтказишга қарор қилганларини айтди. Бунинг учун пухта тайёргарлик кўрилган. Комбайн ўз вақтида таъмирдан чиқарилиб, ишга шай ҳолга келтирилди. Унга техник хизмат кўрсатадиган кўчма устахона жиҳозланган ва эҳтиёт қисмлар заҳираси яратилган. Демак, юқори унум билан ишлаш учун барча шарт-шароит мавжуд. Шундай қилиб, иш ҳам бошланиб кетди. Олтиндек товланаётган буғдойзорларда комбайнлар “сузиб юрибди”. Улар ўриб олган ҳосил пешма-пеш юк автомобилларида қабул масканларига жўнатиб турилибди.

Куни кеча телефон орқали Зафаржон Ҳасанов билан боғландик. “Ҳорма-бор бўл”дан сўнг ўрим-йиғим қандай кетаётганлиги билан қизиқдик. Суҳбатдошимиз ўзи бошчилигидаги отряд юксак унумдорлик билан ишлаётганлигини маълум қилди. Ҳозиргача "Мўътабар ая", "Майдатол-Музаффар", "Раҳмон-Билол D" фермер хўжаликларида етиштирилган ғалла ҳосили саранжомлаб берилибди.  Қувонарлиси, юқоридаги барча фермер хужаликлари буғдой сотиш юзасидан тузилган шартномаларни ошириб бажарибдилар. (Бевосита ғаллазордан олинган суратда З. Ҳасановни комбайн кабинасида кўриб турибсиз.)

Яна бир эътиборли жиҳат – партиядошимиз етакчилигидаги жамоа дастлабки беш кунлик якунга кўра ўрим-йиғим қатнашчилари ўртасидаги мусобақада ғолиб деб топилибди. Энди мана шу ўринни сақлаб қолиш учун барча имкониятлар ишга солинаётган экан.

Биз сафдошимиз раҳбарлигидаги отряд аъзоларига янгидан-янги муваффақиятлар тилаб, хайрлашдик.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+