Саховат фақат моддийликдан иборат эмас

14.05.2020 21:05:24

Мана, Сардоба воқеасининг кутилмаган талофатлари юз берганига ҳам маълум вақт ўтиб бормоқда. Сардоба сари келаётган саховат карвонларининг ҳам охири йўқ. Ҳар куни қайсидир саховат ташаббускорлари кўмакка муҳтож халқнинг ҳолидан хабар олиб турибди.

Ана шундай хайрия тадбирларининг занжиридан узилмаган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгашида тузилган махсус ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод тумани аҳолиси доимий назоратда. Озиқ-овқат, ҳомийлик ёрдамлари, тиббий хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда “Биз сиз билан!” шиори остида мулоқот- учрашувлар ҳам ташкил қилинмоқда. Ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили “Мирзачўл” махалласи ҳамда Мирзаобод туманидаги МТТ биноси бўлди. Бу ерда талофатдан жабр кўрган учта туманнинг 6 та маҳалласидан эвакуация қилинган 500 нафарга яқин аҳоли вақтинчалик истиқомат қилмоқда.

Маҳаллий Кенгашдаги партиянинг депутатлик гуруҳи аъзолари, вилоят, туман, шаҳар Кенгаши раислари ҳамда “Соғлом авлод учун” жамғармаси Сирдарё вилоят бўлими вакиллари биргаликда мазкур бинолардаги яратилган шарт-шароит билан танишиш асносида аҳолининг  кайфияти ҳам ўрганилди. Тиббий хизматга эҳтиёжи борларга депутат шифокорлар Фурқат Асланов, Фарҳод Мингбоев, Ғойибназар Райимназаровлар ёрдам кўрсатди. “Соғлом авлод учун” жамғармасининг дори-дармонлари тарқатилиб, карантин шароитида амал қилиниши керак бўлган  тиббий-санитар, гигеник тавсиялар бериб ўтилди.

Шунингдек партия Сиёсий Кенгаши томонидан йўлга қўйилган “Сардоба сари саховат карвони” лойиҳасининг мақсади, натижаси ҳақида маълумотлар берилди. Энг муҳими, самимий суҳбатларда аҳолининг талофатдан кўрган руҳий зарбасига таскин бўлувчи фикрлар, амалий маслаҳатлар мутахассисларнинг ўз йўналишлари бўйича тақдим этилди. Чунки ҳозир уларга моддий ёрдамдан-да муҳими икки оғиз ширин сўз, келажакка умид берувчи ҳаётий мисоллар, аниқ манзилли лойиҳалар ва улардан кўзланган бирдамлик ғоясининг диллардан тилларга кўчганидир. Зеро, саховат фақат моддийликдан иборат эмас.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+