Саховат илинжида бир нуқтага жамланган донорлар

14.06.2020 12:06:56

Маълумки, ҳар йили 14 июнда дунё бўйлаб “Халқаро донорлар куни” нишонланади. Бу сана бошқа инсонларнинг саломатлиги учун ҳам қайғурадиган олижаноб кишиларга ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида таъсис этилган. Чунки у ёки бу касаллик оқибатида ҳар куни қанчадан-қанча одамга қон қуйиш зарур бўлади. Ҳаёт манбаи ҳисобланмиш бу суюқлик оғир аҳволга тушиб қолган беморга жон бағишлай олиши билан қимматлидир.

Зокиржон Ҳожимрзаев, Наманган вилоят қон қуйиш маркази раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи:

– Тиббиёт муассасамизнинг асосий вазифаси вилоятдаги барча шифохоналарга қон етказиб беришдан иборат. Бу ишнинг ўзига яраша масъулияти бор, албатта. Шу маънода Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси билан ҳамкорлик қилаётганимиздан бениҳоя мамнунмиз. Ҳар йили июнь ойи бошида ўтказиладиган акция яхши анъанага айланиб, мавжуд қон заҳираларини тўлдиришга хизмат қилади. Бу йил ҳам тадбир уюшқоқлик билан ўтганлиги барчамизни хурсанд қилди.

Шу йилнинг 12-13 июнь кунлари марказга “Адолат” СДП вакилларининг катта бир гуруҳи ташриф буюрди. Бу фаолларимиз томонидан кенг жамоатчилик орасида тиббий тарғибот тадбирларини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилганлиги, маҳаллалар, муассасалар, корхона ва ташкилотларда беғараз донорликнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги тушунтириш ишлари олиб борилганлигининг самараси эди. Акция иштирокчиларини кутиб олган марказнинг донорлик бўлими мудири  Азимжон Давронов эзгу ишга бел боғлаган ҳамюртларимизни қутлаб, уларга самимий миннатдорчилик билдирди. Шундан сўнг катта ҳамшира Саида Тўхтабоева  бошчилигидаги мутахассислар ишга киришдилар. Биринчи бўлиб “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгаши раиси Саидолим Абдураҳмонов қон топширди. Кейинги навбат “Ёш адолатчи”лар қаноти аъзоси Акбар Мансуровга келди.

Қисқаси, икки кун мобайнида партиямизнинг қирқдан ортиқ фаоллари ва ходимлари беғараз акцияда қатнашдилар. Жами 9,73 литр қон топширилди.

– Оз бўлсада, умумий ишга баҳоли қудрат ҳисса қўшдик, - дейди С. Абдураҳмонов. – Шу ўринда акция якунланаётганига қарамай, донорлар сафи кенгайиб бораверишини таъкидламоқчиман. Чунки эзгу амаллар ҳеч қачон тўхтамайди. Зотан, сафдошларимиз донорлик инсон учун зарар келтирмаслигини яхши биладилар. Ҳар бир организм 36 соат ичида топширилган қон миқдорини тиклаб олиш хусусиятига эгалиги ҳаммамизга маълум. Боз устига бу жараён артериал гипертония хасталигининг олдини олиш ва бартараф этиш, модда алмашинувини яхшилаш, шунингдек, иммун тизимини мустаҳкамлаш имконини беради.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+