“Саховат ва кўмак”: 33 миллион сўмлик кийимлар бепул тарқатилди

12.05.2020 14:05:25

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгашининг маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан амалга оширилаётган хайрия тадбирлари бугун икки хил йўналишни қамраб олмоқда: Карантин даврида эҳтиёжманд оилага айланган аҳоли қатламига берилаётган кўмаклар ва Сардоба сув тошқини оқибатида жабр кўрган халққа кўрсатилаётган моддий ва маънавий кўмак. Шу бугунги кунга қадар қилинган хайрия тадбирлари, акциялари мисолида таҳлиллайдиган бўлсак, ҳар бир депутатимиз ўз ҳудудидаги ва Сардобадан  вақтинчалик келтирилган аҳолига 200 дан ортиқ ҳомийлик ёрдамларини кўрсатди.

Масалан карантин даврида қийналиб қолган Боёвут туманидаги “Сармич”, “Жўлангар”, “Навоий” маҳалласидаги 20 та оилага Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати, партиянинг вилоят Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева томонидан кундалик рўзғор учун зарур бўладиган озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилган бўлса, Сардоба талофати сабаб Гулистон шаҳрига эвакуация қилинган аҳоли учун дори-дармон ва тиббий ниқоблар тарқатилиб келинмоқда.

Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши депутати, тадбиркор Носир Эгамбердиев ҳам Гулистон шаҳри “Маданият” ва “Марифат” маҳалласидаги 15 та эҳтиёжманд оилани ўз қарамоғига олган. Шунингдек Сардоба талофати сабаб сабри синалаётган ва Гулистон шаҳридаги юридик коллежи ётоқхонасига жойлашган аҳоли учун ўз корхонасида ишлаб чиқараётган 33 миллион сўмлик спорт кийимларини  бепул тарқатди. Халқ депутатлари Гулистон, Боёвут, Сайхунобод, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Сайхунобод, Ховос туман Кенгаши депутатлари Фурқат Асланов, Анваржон Холмирзаев, Истади Бекназаров, Жаҳонгир Каримов, Дилдора Холиқова,  Гулистон ва Янгиер шаҳар Кенгаши депутатлари Дилшод Тожибоев, Эркин Абдураҳмонов, Ғанижон Раҳимжоновлар томонидан  умумий ҳисобда 150 та оилага ҳомийлик ёрдамлари мунтазам равишда кўрсатиб келинмоқда. Кутилмаганда юз берган Сардоба талофати сабаб Янгиер  шаҳрига жойлаштирилган аҳолига эса вилоят Кенгаши депутати Дилфуза Умерова бошчилигида шаҳар Кенгаши депутатлари кундалик ҳайрия ёрдамларини кўрсатаётган бўлса, Ховос тумани округидан вилоят Кенгашига сайланган депутатлар Ғойибназар Райимназаров, Абдураҳмон Ботиров, Муҳаммад Исмойиловлар ҳам ушбу аҳолидан ўз ҳомийлик ёрдамини аямаяптилар.   

Шунингдек, партиянинг Сардоба туман Кенгаши раиси Бегзод Бекмуродов ва Гулистон туман Кенгаши раиси Ёқубжон Миртожиевлар сардобалик 20 та оилага ўз хонадонларидан жой бериб, бир оила сифатида яшаб келишмоқда. Яъни икки ҳисса синовли даврни бошдан кечираётган сирдарёликлар учун бугун охири йўқ  саховат карвонлари келаётган, ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилаётган бир вақтда депутатларимиз четда қараб тура олмади. Қўлни-қўлга бериб хайру-саҳоватга киришишди. Чунки уларга ишонч билидириб сайлаган халқимиз, махалладошларимиз орасида ёрдамимизга муҳтожлар бор. Зеро, яхшиликнинг мукофоти ҳамиша яхшилик бўлган.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+