"Саховат ва кўмак": Депутат мурувват кўрсатувчи фонд ташкил қилди

21.04.2020 22:04:45

Депутат Наргис Давлятова анчадан буён янги бир ғоя устида бош қотириб келаётган эди. Бу ғоя кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, умуман қийналган оилалар учун хайрли иш бўлиши кераклиги депутатга уззу кун тинчлик бермай келди. Карантин шароитида бу каби оилалар аҳволи янада оғирлашиши эса ўз ғояси устида илдам ҳаракат қилишга ундади.

Шу мақсадда депутат тадбиркор дўстлари кўмагида «Мурувват-фонд» ташкил қилди. Март ойининг оҳирларидан фаолиятини бошлаган фонднинг ишлари тезда юришиб кетди. Шу кунга қадар кўнгиллилардан қанчадан-қанча маблағлар фонд ҳисобига келиб тушди. Ўз навбатида ушбу маблағлар Тошкент шаҳрида аниқланган ижтимоий ҳимояга мухтож инсонларга озиқ-овқат маҳсулотлари сифатида хайрия қилиб йўналтирилди. Жумладан, хайриялар 3 та босқичда амалга оширилди. Навбатдаги хайриялар эса Рамазон ойи арафасида тарқатилиши режалаштирилмоқда. 450 кишига етарли шакар, ун, ёғ каби маҳсулотларнинг заҳираси тўпланиб бўлинди. Ушбу эхсонлар арафа кунларида ўз эгаларига етказилади.

Наргис Давлятова, Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши депутати:

- Ушбу лойиҳа орқали Тошкент шаҳри аҳолисининг кўпгина туманларида чиндан ҳам мухтож бўлган инсонлар аниқланиб, хайриялар уйларигача етказиб берилмоқда. Эндиликда хайриялар кўламини янада кенгайтириб, Тошкент вилоятига ҳам татбиқ этишни мўлжаллаяпмиз. Албатта, бошлаган ишимни охиригача етказмоқни дилимга тукканман. Шу ўринда, фонд ишини юргизишда яқиндан кўмак бериб келаётган дўстларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+