“Саховат ва кўмак”: Эзгу ташаббус атрофида жипслашамиз

22.04.2020 21:04:56

Дунёнинг деярли барча мамлакатларида коронавирус инфекцияси тарқалиб, одамларнинг ҳаловатинидан айирган синовли кунларда бир-бирига нисбатан хайрхоҳ бўлиш, кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотганлар, ногирон шахслар ҳолидан хабар олиш, уларга мурувват кўрсатиш, мушкул аҳволга тушган ватандошларини қўллаб-қувватлаш халқимизнинг азалий, тарихий ва  маънавий қадриятларидан саналади. Айни мушкул шароитда бу борада яна бир хайрли ва эзгу ташаббусга қўл урилди.

Куни кеча Президентимиз илгари сурган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси шу маънода жуда долзарб ижтимоий, маънавий-руҳий аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселекторда берилган топшириқлар, белгиланган вазифалар халқимизни иш билан таъминлаш, даромадини ошириш, бунёдкорлик ишларини изчил давом эттириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим бурилиш ясаб берди. Бу эса ҳозирги синовли, ўта мураккаб кунларни мардонавор енгиб ўтаётган донишманд  халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Очиғини айтиш керакки, мазкур ташаббус ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга халқчил ва  оқилона  қарордир. Қарангки, бу ҳаётий  ташаббус билан қанчадан қанча кам таьминланган, меҳрга муҳтож оилалар ҳаётида ўзгариш содир бўлишига эришиляпти. Шундан ҳам билиш мумкинки, давлатимиз  раҳбари Шавкат Мирзиёев  қайси соҳани муҳокама қилмасин, қандай қарорга қўл қўймасин, унинг замирида аввало инсон омили, ҳамюртларимиз саломатлиги муҳофазаси ётади.

Хайр ва саховат халқимиз одоб-ахлоқининг энг муҳим қирраларидан биридир. Шунинг учун қадим-қадимлардан бошлаб ота-боболаримиз ўз фарзандларини сахий қилиб тарбиялаш, уларда меҳр-оқибат тушунчаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиб келганлар. Халқимиз оғзаки ва ёзма адабиётининг энг қадимдан бугунги кунгача бўлган намуналарида ҳам инсониятнинг бу ахлоқий фазилати алоҳида тилга олинади ва улуғланади. Айниқса, буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг бизга қолдирган улкан маънавий меросида хайр ва саховат  тушунчаси жуда кенг тарғиб этилади. Албатта, хайр ва саховат ҳамиша инсонни улуғлайди, унга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам улкан мукофотларни ҳозирлаб қўяди. Халқимиз қадимдан эътиқод қиладиган ислом динида ҳам мўминнинг энг улуғ сифатларидан бири деб талқин этилган жиҳат хайр ва саховатдир.

Азиз ҳамюртлар, фойдамизни кўзлаб, халқимиз, яқинларимиз, келажагимиз ва яхши кунларимиз қайтиши учун Президентимиз эзгу ташаббуси атрофида жипслашайлик, бир-биримиз билан дўст тутиниб, бир ёқадан бош чиқариб, савоб ишларни кўпайтирайлик.

 

Умид ШОУМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Sultonxonova Gulchexra Olimjon qizi
2020-04-26 07:36:33
Zamon sizga muhtoj ekanligini qanchalik anglay olsangiz siz shunchalik iste'dodlisiz. Ishonamanki mening partiyam ham muhtojlar uchun jon jaxti bilan yordam qolini chozadi. Chunki mening partiyamda adolatli jonkuyar rahbar faoliyat olib boradi.

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+