“Саховат ва кўмак”: Қуйи палата депутати 15 миллион сўмлик ҳомийликни амалга оширди

02.05.2020 11:05:35

Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кенг кўламли тадбирлар амалга оширилаётган шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси  аъзолари ҳам бу манфур хасталик устидан ғалаба қозонишга ўзларининг ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Улар айниқса, инсон ҳаёти учун курашнинг олдинги марраларида фидокорлик намуналарини намойиш этаётган тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият бермоқдалар. Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, бу хайрли ишда партиянинг оддий аъзоларидан тортиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларигача жонбозлик кўрсатмоқдалар.

Куни кеча мамлакат парламентидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов ҳам Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ташриф буюриб, жамоага ҳомийлик ёрдамини топширди. Айни кунларда ҳам туну-кун демай коронавирус инфекциясига қарши тинимсиз кураш олиб бораётган тиббиёт ходимларига қатор ҳимоя воситалари тўплами – махсус комбинезон, ниқоб, қўлқоп, антесептик воситалар тақдим этилди. Уларнинг умумий қиймати қарийб 15 миллион сўмни ташкил этади.

Дилмурод Исмоилов, Ўзбеистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

– Бугунги кунда халқимиз тиббиёт ходимлари коронавирусга чалинган беморларни даволаш йўлида тинмай, хатто ўз соғлиқларини хавф остига қўйиб бўлса ҳам меҳнат қилаётганликларини кўриб турибди. Бунинг учун ҳаммамиз улардан чексиз миннатдормиз. Шунинг учун уларни ҳар қанча қўллаб-қувватласак ва ёрдамлашсак арзийди. Биз ҳам шу мақсадда шифохонага ташриф буюрдик. Жамоага эл саломатлигини сақлаш йўлидаги эзгу ва олийжаноб фаолиятларида каттадан-катта муваффақиятлар тиладик. Ўйлаймизки, тез орада барчамизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида пандемия устидан ғалабага эришилади.

Шу ўринда мазкур  шифохонанинг 130 нафар ходими коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида  карантинда сақланаётган гумонланувчи инсонлар соғлиғини назорат қилиш  ва касаллик аниқланган беморларни соғломлаштириш бўйича  даволаш муолажаларини олиб бораётганликларини айтиб ўтиш даркор. Ана шундай фидойилар орасида Мансуржон Фозилов, Нилуфар Юсупова, Лаура Нишонова, Гулсанам Деҳқонова,   Ҳакима Абдуллаева,  Гофуржон Мўйдинов каби врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари бор. Ўз навбатида хасталикдан фориғ бўлган инсонлар сони ҳам тобора ортиб бораётганлигини қайд этиш лозим.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+