“Саховат ва кўмак”: Умумхалқ ҳаракатда биргаликда иштирок этайлик!

22.04.2020 21:04:37

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан ҳар бир фуқаро тегишли хулоса чиқариб, зиммасидаги масъулият қанчалик залворли эканлигини англаган бўлса, ажаб эмас. Зеро, бугунги вазиятда ҳар бир фуқаронинг сабр-тоқат, матонат ва ақл билан карантин талабларига ёндошган ҳолда уйда ўтиришлари натижасида мамлакатимиз тезроқ пандемиядан чиқиб кетишига эришилади. Қолаверса, давлатимизни дунёда давом этаётган иқтисодий инқироздан сақлаш, энг аввало глобал озиқ-овқат тақчиллиги кузатилаётган даврда бундай маҳсулотларни ишлаб чиқаришни икки баробарга ошириш, барча имкониятларни сафарбар қилиш, ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорларга давлат томонидан қўшимча имтиёзлар бериш масалалари устувор вазифага айланди.

Президентимиз ўз маърузасида бу борада тўхталиб, томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам ерга бўлган меҳрини ошириши, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, юқори ҳосилдорликка эришиши муҳимлигини таъкидладилар. Кириб келаётган Рамазон ойи давомида саховат, мурувватимизни намоён этиш, яқинларимиз, қўни-қўшниларимиз, кўмакка мухтож инсонларга меҳр кўрсатиш имкониятини берувчи “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташкил этилганлиги  эълон қилинди ҳамда  унда  фаол иштирок этишга чақирилди.  Албатта, умумхалқ  ҳаракатда барчанинг ҳамжиҳат бўлиб қатнашиши ва ўз ёрдамларини бериши нафақат халқимизнинг руҳиятини кўтаради балки, миллий қадриятларимизнинг моҳиятиини ташкил қилувчи эзгулик, меҳр-шавқат, оқибат  ришталарини янада мустаҳкалайди.

Шу билан бирга, иқтисодиётни барқарорлигини таъминлаш учун пандемия сабаб тўхтаб турган корхоналарни карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ҳудудлардаги Кенгашлар хулосалари асосида ишга тушириш лозимлигига эътибор қаратилди ҳамда тегишли кўрсатмалар берилди. 

Баҳорнинг ғанимат кунларидан унумли фойдаланиб, ўзимиз ва оиламиз соғлигини карантин қоидалари асосида сақлаб, мавжуд томорқа ва бошқа ерларимизнинг ҳар қаричидан самарали ва оқилона фойдаланайлик! Келажагимиз, эртамиз амалга ошириб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишончимизга, садоқатимизга кўп томонлама боғлиқлигини теран англашимиз синовли кунларни осонгина енгиб ўтишимизга куч беради. Бу ҳаракатимиз пандемиянинг салбий  оқибатларини бартараф этишга қўшган ҳиссамиз бўлади.

 

Адҳамжон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилояти Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+