Саховатга йўғрилган эзгулик

04.12.2020 15:12:09

Қалбида эзгуликлар билан яшайдиган инсонлар доимо хайрли ишлар қилишга интилиб яшайди. Айниқса, қилаётган бу эзгу амаллари кимнингдир соғлиғини сақлашга кўмак берса-чи? Ўйлаймизки, инсонлар учун бундан ортиқ бахт топилмаса керак. Донорларни шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу ниятли инсонлар деб аташ мумкин.

Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан мунтазам йилда икки маротаба “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказиб келинмоқда.

Бугун ҳам партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши томонидан 3 декабрь “Халқаро ногиронлар куни” ҳамда 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан вилоят қон қуйиш марказида беғараз донорлик акцияси кўтаринки кайфиятда ташкил этилди.

Дастлаб, партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши томонидан ушбу акцияни юқори савияда ташкил этиш бўйича вилоят телевидиниеси, вилоят ҳокимлиги сайти ҳамда ижтимоий тармоқларида эълон берилди.

Мазкур акцияни ташкил қилишдан кўзланган мақсад тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож болажонларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилишдан иборатдир.

Айниқса бугунги коронавирус пандемияси сабаб ташкилотлар, корхоналар фаолияти, транспорт қатновлари, фуқаролар ҳаракати чекланган даврда потенциал донорлар сони кескин камайган. Бу эса ўз навбатида қон маҳсулотлари заҳираларининг камайишига ва беморларга шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатишда муаммолар юзага келишига олиб келиши мумкин.

- Ўз хоҳишим билан ушбу савобли ишга ҳисса қўшдим, – дейди Жиззах политехника институти талабаси Бунёд Қаршибоев. – Кўплаб инсонлар қон топширишади. Албатта, кимнингдир саломатлиги йўлида бу каби хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олийжаноб эканлигини яна бир бор кўрсатиб беради. Мен барчани ушбу савобли ва хайрли ишга чорлаб қоламан.

Ҳақиқатдан ҳам, қон бериш – жони хавф остида бўлган инсонларга ҳаёт ҳадя этишдир. Ҳаёт ҳадя этиш савоб ишнинг энг олий ифодаси саналади. Шундай экан, савоб ишни амалга оширишга кечикмайлик.

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

етакчи мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+