Сайлов кунидаги икки муҳим шахс

01.10.2019 08:10:07

 

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Олмалиқ шаҳар Кенгашида  “Кузатувчи ва ваколатли вакил – сайлов жараёнининг муҳим иштирокчиси" мавзусида семинар- тренинг ўтказилди. Унда партиянинг туман Кенгаши масъул ходимлари  ва партия томонидан кўрсатилган ваколатли вакил ҳамда кузатувчилар иштирок этди.

Таъкидланганидек, сайловолди ташвиқот даврида ижтимоий-сиёсий тадбирларни ташкил этишда инновацион усулларидан, тарғиботнинг илғор ва таъсирчан воситаларидан, шунингдек, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларидан етарли даражада фойдаланиш, сиёсий ўқувлар ҳамда бошқа ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг самарадорлигини янада ошириш зарур.

Семинар-тренингда “Халқаро тузилмалар ва хорижий давлатлар вакилларининг Ўзбекистонда ўтказилган сайловлардаги иштироки”, “Сайлов жараёнида кузатувчи ва ваколатли вакилларнинг иштироки, уларнинг мақоми, ҳуқуқлари, масъулияти ва жавобгарлиги”  мавзуларида маърузалар тингланиб, интерактив шаклида мунозаралар, савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Ўқув машғулотида сўз олганлар томонидан кузатувчининг сайлов участкасида ҳозир бўлиш ҳамда тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланиши, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш, овозларни санаш, участка сайлов комиссиясининг баённомаларини тузишда қатнашиш, сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларни тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш, шунингдек, сайлов участкасида қонун бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблашга асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори сайлов комиссиясига маълум қилиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Дурдона Баймақова, партия фаоли:

– Сайлов – мамлакатимизда демократик тамойилларнинг қай даражада устувор эканлигини кўрсатиб турувчи, юртдошларимизнинг давлат бошқарувидаги иштирокини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим сиёсий жараёнлардан биридир. Шу боис, мазкур сиёсий тадбирга партиямиз томонидан пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Семинар давомида ўзимни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдим, сиёсий билимларимни янада оширдим. Очиғини айтиш керак, машғулотларга ҳақиқатдан долзарб мавзулар танланган. Ўйлайманки, бугунги ўқувдан олган билимларимиз, маълумотларимиз жорий йилги сайловларда катта ёрдамини беради.

Худди шундай семинар-тренинглар вилоятнинг Бекобод, Бўстонлиқ, Тошкент туман ва шаҳар Кенгашларида  ҳам бўлиб ўтди.

 

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент  вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+