Сайлов қонунчилигининг янада такомиллаштирилиши – давр талаби

28.01.2021 12:01:24

Сайлов — фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокининг асосий шакли, уларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқариши, хоҳиш-иродасини эркин ифодалашини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим сиёсий тадбирдир.

Мазкур сиёсий тадбирни мамлакатимиз Конституцияси ҳамда қонунлари, умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар асосида ўтказиш кўп жиҳатдан фуқароларнинг сиёсий маданияти ва фаоллиги, фуқаролик бурчини чуқур англашига боғлиқ.

Сайловчилар жамиятда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар ва уларнинг самараларидан кенг хабардор бўлган, ўз овози жамият ҳамда давлат ҳаёти, мамлакатининг келажаги учун нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини англаб етган тақдирдагина сайловлардан кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

 Сайлов кодекси билан сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги янгиликлар,  сайлов масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, шунингдек, сайловчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенг тушунтириш бўйича ишлар самарадорлигини янада ошириш — долзарб вазифа.

Тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш мобайнида сайловчиларнинг ҳуқуқий билимини ва сайлов маданиятини юксалтириш, Сайлов кодексига  киритилаётган  ўзгартиришларнинг  мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари ҳақида кенг тушунтиришга алоҳида эътибор  қаратилади.

Зеро, сайлов жараёнлари, сиёсий партиялар, давлат ҳокимиятининг бўлиниши, қонунлар нимаю улар қандай қабул қилиниши ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмасдан туриб, онгли равишда овоз бериши қийин. Бундай илғор демократик ғояларни ўғил-қизлар онгига ёшликдан сингдириш — ўзининг эртасини ўйлаган миллат, халқ учун жуда зарур, деб ўйлайман. Умид қиламизки,  бу йилги сайловларни бутун халқимиз кенг имкониятлардан  фойдаланиб, кўтаринки руҳда ўтказади.

                                                          Насиба Ибрагимова,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+