Сайлов штаблари ўз вазифаларини белгилаб олди

07.10.2019 18:10:19

Куни кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги Пленуми кун тартибида партиянинг бўлажак сайловларга пухта ҳозирлик кўриш, сайловолди кампаниясида фаол иштирок  этиш каби масалалар қизғин муҳокама этилди.

Сиёсий партиялар бугунги кунда давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий, сиёсий жиҳатдан юксалиб боришида ҳал қилувчи кучга айланиб бораётганлиги алоҳида эътиборга молик. Айниқса, мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён - сайлов кампанияси бошланган бир пайтда. Бу даврни сиёсий партиялар учун ўзига хос синов, ғалвирни сувдан кўтарадиган давр, деб айтишимиз мумкин. Бинобарин, 2019 йил 22 декабръ куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашларга сайловларда қанчалик кўп ўрин эгаллашимиз биз адолатчиларнинг бугунги фаоллиги билан чамбарчас боғлиқ.

Шунинг учун ҳам масъулиятни англаган ҳолда олдимизда турган устувор вазифаларга асосланиб, амалга оширадиган фаолиятимизни партиямизнинг ғоя ва мақсадларидан келиб чиқиб режалаштираяпмиз, ижросини таъминлашни биринчи даражали вазифамиз, деб биламиз. Хусусан, вилоятимизда партиямиз томонидан электоратимиз манфаатларидан келиб чиқиб сайловларни муносиб ташкил этиш ва юқори натижаларга эришишга қаратилган ишларни бошлаб юбордик. 

Энг биринчи навбатда, биз ўтган сайлов кампаниялари давомида хато- камчиликларимизни чуқур таҳлил қилиб чиқдик. Жумладан, ўтган сайловларда партиямиз кузатувчи ва ваколатли вакилларига етарлича эътибор қаратмаганимиз, ҳар бир сайлов участкаларида  уларнинг иштирокини тўлиқ таъминламаганимиз, уларнинг ваколатларидан оқилона фойдалана олмаганимиз, тарғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада олиб борилмагани, бир сўз билан айтганда халқнинг ичига кириб бормаганимиз натижасида кўп жойларда муваффақиятсизликка учрадик. Айниқса бу Пахтачи ва Иштихон туманларида яққол кўзга ташланди.

Шуларда хулоса чиқарган ҳолда, аввало барча туман ва шаҳар Кенгаш раислари учун ўқув-семинарлар ташкил этилди. Вилоят партия ташкилоти томонидан фаол сайловолди ташвиқотни амалга оширишда сайлов штабларининг аҳамияти катта эканлигини эътиборга олиб, барча туман ва шаҳар Кенгашларида сайлов штаблари ташкил этилди. 15 кишидан кам бўлмаган штаб таркиби тузилиб, уларнинг ҳар бирига тегишли округларни бўлиб бериш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари вилоят, туман ва шаҳарлардаги округлар ва барча сайлов участкалари бўйича кузатувчилар ва ваколатли вакиллар рўйхатини шакллантирдик. Айни кунларда улар билан ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Шуни унутмаслигимиз лозимки, бугунги сайловчилар бундан 5 йил илгарги сайловчилар эмас. Уларнинг ишончини қозониш, партиямиздан кўрсатилаётган номзодларни ёқлаб овоз бериши учун барча сайлов участкаларидаги фаолиятимизни кучайтиришимиз зарур. Албатта, сайловчи номзодни қўллаб-қувватлаб овоз бериш муддати учун олдинда ҳали 2 ойдан зиёд вақт борлигини ҳисобга олиб, ана шу вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида вилоятимизда депутатликка заҳирадаги номзодларимиз жалб этган ҳолда партиянинг “Адолат қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида аҳоли билан юзма-юз учрашувлар кўламини оширдик, аҳоли томонидан билдирилган муаммолар, ўйлантираётган масалаларни ўрганиб, уларни ўз вақтида бартараф этиш йўлларини излаяпмиз. Аёллар ва “Ёш адолатчилар” қанотлари фаоллари томонидан “Уч авлод учрашуви”, “Сайловда биринчи марта қатнашаман” каби мавзуларда учрашувлар ташкил этилиб, тарғибот ишлари кенг олиб борилмоқда.

Олдимизда турган муҳим вазифаларни инобатга олиб, ҳар биримиз бўлғуси сайловда муносиб иштирок этиш, сайлов кампаниясининг ҳар бир куни самарали  ўтиши учун ҳар қачонгиданда кўпроқ, унумлироқ ишлашимиз керак. Мавжуд имкониятлардан оқилона фойдалана олсакгина юксак марраларни забт этамиз.

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+