Сайлов стратегияси бўйича депутатнинг нуқтаи назари қандай?

12.09.2019 14:09:23

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгашида  “Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусида ўтказилган семинар-тренинг давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев иштирок этиб, бугунги кундаги сайлов жараёнларининг аҳамияти, ўзига хослиги масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Маълумки, мамлакатимизда яқин кунларда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлигига сайловлар арафасида қизғин тайёргарлик жараёнлари олиб борилмоқда. Айни мана шу сиёсий жараёнда аҳолининг сиёсий қарашларини ривожлантириш масалаларига эътибор ортиб бормоқда. Хусусан, дастурий мақсадларни амалга ошириш, электорат олдида турган муҳим вазифаларнинг вақтида ечимини топиш, аҳоли билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиш ҳар бир партия ходими ва фаолларининг олдида турган муҳим вазифадир. Бўлиб ўтган семинар-тренингда айни мана шу масалалар қатори сайлов жараёнларида олиб бориладиган тарғибот–ташвиқот усулларига ҳам эътибор қаратилди.

Семинарда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев ҳам сайлов жараёнлари, унда партияларнинг иштироки, номзоднинг имиджи, бевосита аҳоли билан бўлиб ўтадиган мулоқотлар, тарғибот-ташвиқот усуллари, уларнинг аҳамиятли жиҳатлари хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, ҳар бир партия ходимини сайлов жараёнларида фаол ва ташаббускор бўлишга чақирди.  

Иштирокчилар томонидан семинар давомида берилган фикр ва мулоҳазалар қўллаб-қувватланди. 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

     Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизмати      

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+