Сайлов тизимининг халқчиллиги ошмоқда

27.01.2021 22:01:46

Тан олиб айтишимиз керакки, сўнги йилларда юртимизда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз сиёсий нуфузи тоборо ошиб бормоқда. Айниқса, давлатимизнинг турли халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни янада яхшиланиб, ўзиниг ижобий имиджини ёрқинроқ намоён қилмоқда.

Бу борада миллий сайлов қонунчилигимизни ҳар томонлама такомиллаштириш, уни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ўта муҳим ўринга эга.

Парламентимиз томонидан ишлаб чиқилган «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Ушбу қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентилигига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ҳамда маҳаллий Кенгашларига ўтказиладиган сайловларнинг тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда яъни декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасидан, октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига ўтказилиши катта воқелик, деб ҳисоблайман.

Кўп йиллик сайлов жараёнларидаги кузатувларимиз сайловчиларнинг сайловларда иштирокини таъминлаш асосий муаммолардан бири бўлиб келган. Бунда асосий муаммо сайловларнинг айни қишнинг совуқ кунлари ҳамда ёғингарчиликлар мавсумига тўғри келиши ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатарди. Аксарият қишлоқ жойларидаги участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларда иситиш тизимининг яхши ишламаслиги, ички йўлларнинг талабга жавоб бермаслиги каби қатор омиллар  сайловчиларнинг сайловлардаги иштирокини камайишига таъсир қилар эди.

Қонунчиликка таклиф қилинаётган сайлов ўтказиш муддатларининг декабрь ойидан, октябрь ойида ўтказилишига доир ўзгартирилиши юқоридаги муаммоларни бартараф этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

 

Рустам ҲАЙИТОВ,

 халқ депутатлари Навоий вилоят

Кенгаши  Ўзбекистон “Адолат” СДП

депутатлик гуруҳи раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+