Сайлов жараёнида креатив ёндашув жуда зарур

28.10.2019 20:10:08

Фарғона вилоятида Марказий сайлов комиссияси  аъзоси, юридик фанлари доктори,  профессор Миродил Баратов томонидан навбатдаги ўқув семинари  бўлиб ўтди.   

Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вилоят Кенгашида  бўлиб ўтган семинарда барча сиёсий партиялар қатори  Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши фаоллари  ҳам  иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар!” шиори остида бўлиб ўтаётган сайлов жараёни ўтган йиллардан ўзгача ва янгича руҳда ташкил этилиши ва ўтказилиши билан янада аҳамиятлидир. Жаҳон мамлакатларининг эътиборида бўлган давлатимизга жорий йилда 600 дан зиёд мамлакатлардан  чет эллик  меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда. Шунинг учун  сайловнинг демократик принциплар асосида халқаро андозаларга мос,  юқори савияда ўтказилиши ва сиёсий тадбирларга пухта тайёргарлик кўрилиши ҳар бир партиядан пухта тайёргарлик ва  креатив ёндашувни талаб этади.

Мамлакатимизда 20 октябрдан 20 ноябргача бўлиб ўтадиган  сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигида партиялар сайловолди дастурлари,  лойиҳалари, акциялари билан ўз ғояларини илгари суриши,  партия, депутатлар ҳақида тўлақонли маълумотга эга бўлиши учун сайловчилар билан  ишлашда  янги ғоя ва таклифларни  татбиқ этиши лозим.  Қолаверса, миллий тилимиз истиқболини таъминловчи ҳамда коррупцияга қарши курашишда самарали бўлган таклифлар билан  ўз  сиёсий позицияларини намоён этиши жуда муҳимдир.

Куннинг иккинчи ярмида семинар халқаро матбуот маркази вилоят бўлимида оммавий ахборот воситалари ҳамда партия матбуот котиблари иштирокида давом этди.

ОАВ вакилларига партиялар билан ҳамкорликда ишлаш, тарғибот ойлиги доирасида  сайлов жараёни ва партиялар фаолиятини янгича ёндашув асосида  ёритиб боришга қаратилган тавсиялар берилди.

–      Барчангизга маълумки, бу йилги сайлов жараёнларида кўплаб ўзгариш ва янгиланишларнинг гувоҳи бўляпмиз, – дейди  М.Баратов. – Шундай экан, бу янгиланишлардан телевидение, радио ва газеталар орқали аҳолини хабардор этишингиз, қолаверса, ҳар бир журналист ўз ижодий ишларида сайлов руҳини бера олиши зарур. Доимий қолиплардан, мавзуга юзаки ёндашишдан қочиш, аудиторияни қизиқтирадиган сарлавҳа ва  усуллардан фойдаланган ҳолда сайловчини эътиборини торта олиши керак. Албатта, ОАВ вакилларининг ҳар бири ўзининг фаолияти билан жараённинг юқори савияда ўтишига ҳисса қўшадилар.

Cеминарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

  Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон  “Адолат” СДП вилоят Кенгаши  матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+