Сайловчи депутат фаолиятидан нега қониқмайди?

02.10.2019 16:10:26

Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутатлари Ҳамрогул Ашурова ва Карим Бобомуродовлар халқ билан юзма-юз учрашиб, ўз фаолиятлари юзасидан ҳисобот беришди.

2-Улуғбек сайлов округидан сайланган депутат Ҳамрогул Ашурова беш йил давомида аҳоли манфаатлари йўлида нималарга эътибор қаратди, қандай муаммоларни бартараф этди, таълим, соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд муаммоларнинг олдини олишида ҳисса қўшдими, деган савол ўртага ташланар экан, бу борадаги саволларга жавоб топиш мақсадида йиғилганларнинг эътиборини қаратди.

Хусусан, депутат томонидан партия лойиҳалари доирасида олиб борилган ўрганишлар асосида Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиялари ва доимий комиссияларга масала киритилишига эришилди. Муаммолар юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди.

-Депутат беш йиллик фаолияти давомида халққа яқин бўлди. Ҳар бир хонадон эгаси билан суҳбат қилиб, катта-кичик муаммоларига алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, тиббий хизмат ташкил этиш масаласи дастлаб ҳудудимизда Ҳамрогул Ашуровадан чиққан эди. Албатта, бу мақсад йўлида биз бирлашиб, аҳолининг саломатлигига яхшигина эътибор қаратдик, - дейди “Зарчабек” МФЙ раиси Фотима Бўронова.

5-Жилвон сайлов округидан сайланган Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутати Карим Бобомуродов ҳам ўз сайловчиларига депутатлик фаолияти юзасидан ҳисобот берар экан, маърузаси давомида баъзи мавжуд камчиликларга йўл қўйилганлиги, бунга алоҳида эътибор қаратиб келинаётганлиги тўғрисида ҳам қайд этди.

Депутат халқ дардини енгиллаштириб, унга шароит яратиб беришда кўмаклашувчи вакилдир. Шундай экан, улар олдига қўйилган асосий мақсад муаммоларнинг аниқ ечимини топиш ҳисобланади.

Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутатлари фаолияти давомида баъзи тегишли ташкилотларга чиқарилган сўровларининг ижросига аҳамият беришмаган, яъни, жавоб берилган ташкилотлар олди-қочди, шунчаки қуруқ гаплар билан чекланиб қолган, холос. Аслида ҳар бир депутат ўз сўровига аниқ жавоб талаб этиши керак, чунки асосий мақсад ҳам аҳоли мурожаатларини ижобий жиҳатдан ҳал этиш ҳамда муаммоларини вақтида бартараф этишдир. Шундагина халқ ишончи ортади, депутатга ўз муаммоларини айта олади.

Йиғилиш сўнгида ҳар бир фуқаро туманда мавжуд баъзи муаммолар келиб чиққанидан кейин бартараф этиш эмас, балки олдини олинишида ҳам депутат ташаббус кўрсатиши лозимлигини таъкидлашди.

 

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+