Сайловчилар ичига қуруқ маъруза билан кириб бориб бўлмайди

12.09.2019 14:09:35

Ўзбекистон  “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан маҳаллий партия ташкилотлари ходимларининг сиёсий билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусидаги семинар-тренинг ўз ишини бошлади.

Ушбу семинарда Фуқаролик жамияти шаклланиши мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент вилояти худудий бўлинмаси раҳбари Дилмурод Иззатов ҳамда партиянинг вилоят Кенгаши тренерлари ўзларининг маърузалари ҳамда кўргазмали воситалари орқали вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари раисларига  маълумотлар беришди.

Мазкур семинардан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларнинг ҳар қачонгидан ҳам очиқ, ошкора ва шаффоф ўтишини таъминлашда партия фаолларининг ҳуқуқий билимлари ва саводхонлигини ошириш, уларни сайлов жараёнларида кўникмаларини шакллантириш, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар билан батафсил таништириш, самарали сайлов дастурини ишлаб чиқиш, сайлов жараёнларига пухта ҳозирлик кўриш, сиёсий партияларнинг сайлов кампаниясидаги иштирокини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Маъруза ва семинар-тренингларда “Демократик жамиятда сайловлар”, “Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги”, “Маҳаллий кенгашларга сайловларнинг хусусиятлари”, “Депутатларнинг ҳуқуқий мақоми”, “Сиёсий партиянинг сайлов кампанияси стратегиясини ишлаб чиқиш”, “Ўзбекистон Президенти илгари сураётган стратегик ташаббусларнинг мафкуравий моҳияти”, “Сиёсий партиялар ва партия қурилиши”  мавзуларида маърузалар тингланмоқда. Интерактив шаклда мунозаралар, савол-жавоблар бўлиб ўтмоқда.

–Бугунги ўқув семинарда сайлов билан боғлиқ бўлган сиёсий жараёнлар хақидаги  билимларимизни янада оширдик, – дейди партиянинг Олмалиқ шаҳар Кенгаши раиси Акмал Расулов – Ҳозир одамларимиз дунёқараши бутунлай ўзгарган. Сайловчилар орасига олдинги йиллардаги каби тайёр маърузалар билан кириб бориш мутлақо ўз натижасини бермайди, самарасини кўрсатмайди. Шундай шароитда биз қандай ишлашимиз, халқ ичига қай йўл билан кириб боришимиз керак каби саволларни олдимизга қўйдик. Аҳоли қатлами ичида қайси сиёсий технологиялардан фойдаланиш муҳимлиги, шу орқали ўзимиз қилаётган ишларимиз тўғрисида қандай маълумотларни олишимиз борасида тушунчаларга эга бўляпмиз.

Ўйлайманки, бугунги ўқувдан олган билимларимиз, маълумотларимиз жорий йилги сайловларда катта ёрдам беради.

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент  вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+