Сайловда аёлларнинг фаоллиги катта самара беради

17.09.2019 15:09:28

Маълумки, жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  ҳамда ҳудудий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади. Шу муносабат билан жойларда фуқароларнинг  сиёсий ва ҳуқуқий фаоллигини ошириш мақсадида сиёсий ўқувлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва вилоят “Хотин-қизлар” қўмитаси ҳамкорлигида Хонқа туманидаги 35-сон умумтаълим мактабида  “Сиёсий жараёнларда хотин-қизлар фаоллигини ошириш - устувор вазифа” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда партия фаоллари, депутатлари, ўқитувчилар, туман фаоллари, Адлия бошқармаси туман бўлими ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни партиянинг вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” раиси Доно Олимова кириш сўзи билан очиб берар экан, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда, айниқса кутилаётган сайловларнинг шаффоф ва адолатли бўлиб ўтишида хотин-қизларнинг фаоллиги муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Иштирокчилар  “Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги”, “Сайлов жараёнларида қўлланиладиган сиёсий технологиялар”, “Сиёсий жараёнларда аёлларнинг ўрни” ва бошқа мавзулардаги маърузаларни тинглаб, муҳим маълумотларга эга бўлишди. Шунингдек, сайловларга тайёргарлик кўришда партия томонидан олиб борилаётган ишлар ҳамда партия олдида турган вазифаларга тўхталинди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг  мазмун-моҳияти, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларни амалиётда қўллаш, партия позициясини намоён этиш ҳақидаги тушунчалар иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.

Тадбир сўнгида иштирокчиларни  қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар берилди.

Сиёсий ўқувлар давом этмоқда.

                                                                                                                      Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                            Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                                        Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+