Сайловда келажак учун овоз берайлик!

10.09.2019 14:09:08

Бугун бўлиб ўтган тадбирда ана шу масала иштирокчилар диққат марказида бўлди.                  

Ўзбекистон “Адолат” СДП  вилоят Кенгаши томонидан Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида “Сайловлар: Ғалаба стратегияси ва тактикаси”  мавзуида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда партия фаоллари, хотин-қизлар ташкилотлари, Ёшлар Иттифоқи вакиллари, БПТ раислари ва оммавий ахборот воситалари  ходимлари қатнашди.

Семинар-тренинг иштирокчилари дастлаб вилоят ўқитувчилар малакасини ошириш институти ўқитувчиси, партия фаоли Дилрабо Чориеванинг “Демократик жамиятда сайловлар: Ўзбекистон Республикаси  сайлов қонунчилиги” мавзуидаги маърузасини тингладилар.

-Мустақил давлатимизда сайлов қонунчилиги 1991 йилдан эътиборан  такомиллаштириб келиняпти,-деди Дилрабо Чориева. -Унга асосан сайловда иштирок этиш учун барча фуқароларга тенг ҳуқуқлар берилади. Мана яқинда қабул қилинган “Сайлов кодекси”га асосан  энди бундан буён унчалик хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган фуқаролар ҳам сайловда иштирок этадилар. Шунингдек, чет эл сафарида бўлган ёки ўқишини давом эттираётган ёшларимиз, саёҳатда юрган ватандошларимиз учун ҳам сайловда иштирок этишлари учун барча шароитлар яратиладиган бўлди.

- Сайловда келажак учун, тақдир учун овоз беринг, - деди “Маҳаллий Кенгашларга сайловларнинг хусусиятлари: Депутатларнинг  ҳуқуқий мақоми” мавзуида маъруза қилган партиянинг вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Абдулазиз Абдиев - Сайлов кампаниясида ҳар бир сиёсий партия ўз дастури билан иштирок этади. Бизнинг Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз Сиёсий ва Сайловолди дастурини ишлаб чиққан  ҳолда  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга  бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок  этиш учун айни дамларда катта тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Бугунги семинар-тренингда ҳам асосан сайлов жараёни, сайловолди  ташвиқоти, ОАВлар билан самарали ҳамкорлик, сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча саволларингизга мухтасар жавоб оласиз.

Семинар-тренингда партиянинг вилоят Кенгаши туманлараро ижрочи котиби Нодир Исомовнинг “Сиёсий партиянинг сайлов кампанияси: сайлов кампанияси стратегиясини ишлаб чиқиш”, партиянинг Қарши туман Кенгаши раиси Жасур Лутфиевнинг  “Ўзбекистон Президенти илгари сураётган стратегик ташаббусларнинг мафкуравий моҳияти” мавзуида маърузалари ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Семинар-тренинг қизғин баҳс-мунозаралар ва фойдали мулоқотларга бой бўлди. Анжуман ўз ишини давом эттирмоқда.

-Бугунги семинар-тренинг биз партия фаоллари учун жуда фойдали бўлди,- деди биз билан мулоқотда хотин-қизлар вакили, партия фаоли Муборак Хўжаева - Бу йилги сайловларда иштирок этиш, қолаверса, сайлов қонунчилигига киритилган кўпгина ўзгаришлардан воқиф бўлдик. Бундан мамнунмиз. Сайловда партиямиз томонидан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг кўпроқ овоз олишлари учун барча чора-тадбирларни кўрамиз.

                                                                           Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!