Сайловга тайёргарлик кучайтирилди

20.11.2019 12:11:33

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига сайловлар ўтказиладиган кун тобора яқинлашмоқда. Ҳамма ерда бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам бу кампанияга тайёргарлик қизғин тус олган. Бу жараёнда “Адолат” СДП ташкилотлари ва аъзолари ҳам фаол қатнашмоқдалар.

Абдужаббор Нишонов, вилоят Кенгаши раиси ўринбосари:

– Биз сайловлар арафасида амалга ошириладиган тарғибот-ташвиқот ишларининг кенг дастурини ишлаб чиқдик. Унда вилоятдаги 770 дан зиёд маҳалла фуқаролар йиғинларининг барчасини қамраб олиш кўзда тутилган. Бунинг учун шаҳар ва туман кенгашлари қошида иккита ёки учтадан ишчи гуруҳлари тузилди. Улар таркибида партия фаоллари, БПТ раислари, депутатлар, тажрибали воизлар бор. Гуруҳларни зарур ўқув-услубий материаллар, асосий мавзулар бўйича тезис матнлари билан таъминладик. Кунига вилоят бўйича 25-30 та маҳаллада ана шундай тадбирлар ўтказилмоқда.

 Масалан, кеча Наманган шаҳар партия кенгаши қошида тузилган ишчи гуруҳи аъзолари Амир Темур номли маҳаллага ташриф буюрдилар. Улар орасида Саидолим Абдураҳмонов, Акбар Мансуров, Дилшода Турғунова, Мафтуна Ваҳобова каби фаоллар бор эдилар. 74-сайлов участкаси жойлашган 22-умумтаълим мактаби биносида фуқаролар билан учрашув ўтказилди.

Фаолларимиздан бири ўз чиқишини бу йил кучга кирган Сайлов кодексининг асосий жиҳатларига бағишлади. Кейинги ахборотда эса сайловчиларнинг электрон рўйхати ҳақида сўз юритилди. “Адолат” СДПнинг сайловолди дастуридаги устувор йўналишлар ҳам эътибордан четда қолмади. Сайловчиларни, айниқса, таълим сифатини оширишга қаратилган ғоялар қизиқтирди. Берилган саволларга мухтасар жавоблар қайтарилди.

Бундай тадбирлар Норин, Поп, Тўрақўрғон туманларида ҳам уюшқоқлик билан ва юқори савияда ўтказилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+