Сайловолди тарғиботга тайёргарлик қандай?

07.11.2019 14:11:27

Маълумки,  “Юксалиш”  умуммиллий  ҳаракати   ва  Марказий сайлов комиссияси  ўртасида  келишув битими имзоланган бўлиб, унга асосан  Парламент ва халқ депутатлари  вилоят, туман  ва шаҳар Кенгашлари  депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларни юқори савияда ўтказишда ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Марказий сайлов комиссиясининг  “Сайлов қонунчилиги  тарғиботи  ойлиги”ни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги  қарорида бу борада вазифалар белгилаб берилган. 

Халқаро  матбуот  маркази Фарғона  вилоят бўлимида   тарғибот ойлиги доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Барча сиёсий партиялар оммавий ахборот воситалари вакилларига ўзларининг сайловолди дастурлари мақсад ва вазифалари доирасида амалга оширилаётган ишлари ҳусусида маълумот бердилар.

–   Муҳим сиёсий жараёнда аҳоли ўртасида тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказиб бориляпти. Ҳудудларда “Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз!, “Биз адолат тарафдоримиз!”, “Биз коррупцияга қаршимиз!” шиорлари остидаги тадбирларимиз орқали  аҳолининг барча қатламларини  қамраб олишга ҳаракат қиляпмиз, –  деди  Ўзбекистон  “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси  ўринбосари  Адҳамжон Умаров. – Қолаверса, ўқувчиларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, шу билан бирга, партия фаолияти билан  яқиндан таништириш мақсадида “Адолатни мадҳ этгум!” шеърлар, “Конституция илҳомлари” иншолар танлови  бўлиб ўтмоқда.

Матбуот анжуманида ҳозир бўлган сиёсий партияларнинг фаоллари оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган сайловолди тарғиботига оид  саволларига жавоб бердилар.

Шунингдек, вилоят сайлов комиссияси раиси Эркин  Нуралиев сайлов жараёнини  ОАВларда  кенг ёритилишини  таъминлаш мақсадида “Рухсор”, “Мулоқот”, “Тоҳир-Бағдод” хусусий телевидениелари билан келишув битими имзолади. Шунингдек, журналистларга жараёнда бевосита қатнашиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар топширилди.  

Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон  “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+