Саломатлик учун жавобгарлик кучайган палладамиз

09.04.2020 13:04:29

Бугун бутун дунё аҳли бир ташвишда - коронавирус инфекциясини бартараф этиш учун курашмоқда. Катта тезликда тарқалаётган, кўплаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бу инфекциянинг тарқалишига қарши Президентимиз раҳбарлигида барча ресурслар ишга солиниб, зарурий ва қатъий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, коронавирус инфекциясига чалинган шахсларни эрта аниқлаш, аҳолидан ажратиш, касал билан мулоқотда бўлганларни ва эпидемик нохуш ҳудудлардан келган фуқароларни алоҳидалаш, уларни 14 кун мобайнида тиббий кузатувда ушлаб туриш тадбирлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу инфекцияни бартараф қилиш мақсадида тузилган комиссия ва штаблар 24 соат давомида вазиятни назорат қилиб боришмоқда.

Вилоятимизда ҳам коронавируснинг олдини олиш борасидаги профилактика ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда. Бу борада барча зарурий чоралар кўриляпти.

Коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича берилаётган тавсиялар ва шахсий гигиена қоидаларига фуқароларнинг қатъий амал қилиши назорат қилинмоқда.

Хитой, Италия, Европа давлатлари ҳамда АҚШдаги вазият барчамиз учун сабоқ бўлиши керак. Касалликнинг кенг авж олиб кетишига йўл қўймаслик учун ҳар биримиз бирдек масъулмиз. Биз нафақат ўзимиз, оиламиз, яқинларимиз, балки ҳар бир инсон саломатлиги учун жавобгар эканимизни унутмаслигимиз керак.

Биздан фақатгина ҳушёрлик ва ўзимизни ҳамда муқаддас оиламизни асраш, қўйилган тақиқларга ва тартибга фаол инсоний позицияда туриб амал қилиш ҳамда тиббиёт ходимлари тавсияларини бажариш талаб қилинаётган экан, барчамиз шунга дахлдор, масъул бўлган соҳалар меҳнатини қадрлашимиз керак.

Қолаверса, бу офатни енгиш учун аҳил бўлишимиз, халқимизга хос бўлган оғир-вазминлик билан иш тутишимиз, ортиқча вахимага берилмаслигимиз ва албатта уйда қолишимиз лозим.

 

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+