Самарқанд шаҳридаги мактабларда анъанавий дарслар қачон бошланади?

16.09.2020 12:09:28

 

Давлатимиз раҳбари жорий йилининг 28 августида халқ таълими тизимидаги масалаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида пандемия шароитида янги ўқув йилини бошлаш борасида қатор топшириқ ва вазифаларни белгилиб бериб,  халқ фикрини билиш, ота-оналар ва муаллимлар билан маслаҳатлашган ҳолда, ҳар томонлама чуқур ўйланган қарор қабул қилиш бўйича кўрсатма берган эди. 

Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан шаҳардаги умумтаълим мактабларида пандемия шароитида янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати, бу борада амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Ўрганиш натижалари халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибида муҳокама этилди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ота-оналар ўртасида фарзандларини онлайн ёки анъанавий тарзда ўқитиш истагини аниқлаш мақсадида шаҳардаги барча мактабларда ўқувчиларнинг ота-оналари билан ижтимоий сўровлар ўтказилган. Ўтказилган сўров натижаларига асосан 62 фоиз ота-оналар фарзандларини мактабга келиб ўқишига, 38 фоизи эса онлайн ўқитишга хоҳиши борлигини билдирган. Бундан кўриниб турибдики, кўпчилик ота-оналар фарзандларини илм даргоҳларида таҳсил олиш тарафдори. Хўш, таълим муассасаларимиз бугунги пандемия шароитида ўқувчиларни қабул қилишга тайёрми? Ушбу шароитда берилган кўрсатмаларни тўлақонли амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжудми? Мактаблар санитар-гигиеник талабларга жавоб бера оладими?

Самарқанд шаҳридаги мактабларнинг аксариятида қамровидан кўп ўқувчи таҳсил олади. Қабул чегараси режадагидан ортиқ. Ижтимоий масофани сақлашнинг иложи йўқ. Бу ҳолатлар коронавирус инфекцияси тарқалишини янада кучайтириши шубҳасиз.  Шу билан биргаликда жорий ўқув йилида мактабга илк бор келаётган 1-синф ўқувчилари 100 фоиз мактабга келиб ўқишини инобатга оладиган бўлсак, савол туғилади. Бу синфларда ижтимоий масофани ташкил этиш, камида 35 нафар ўқувчини синфда жойлаштириш масалаларига қандай ечим топмоқчимиз? Шу каби  саволлар шаҳар Кенгаши депутатлари олдига кўндаланг қилиб қўйилди.

Мавжуд аҳволни ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 3-10 сентябрь кунлари шаҳардаги 68 та мактабга ташриф буюрилди ва пандемия шароитида янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати бўйича қуйидагилар аниқланди:

Шаҳарда ўрганилган деярли барча мактабларнинг синф хоналари, мактаб йўлаклари янги ўқув йилига тайёр ҳолга келтирилган.   

Шу билан бир қаторда дарс машғулотлари бошлангунга қадар барча ўқитувчилар СОVID-19 инфекциясига тест топширишлари лозимлиги бўйича берилган топшириққа асосан, барча мактабларнинг  педагог-ўқитувчилари ушбу текширувдан тўлиқ ўтиб бўлган эмас.

Аксарият мактабларда асосан 1-2 штат бирлигида ҳамшира ва 0,25 ёки 0,5 штат бирлигида умумий амалиёт шифокори бириктирилган. Мактаблар асосан икки навбатда ташкил этилганлиги учун шифокор куннинг биринчи ярмида ёки ҳафтанинг фақатгина икки кунига ишлайдиган бўлса, ҳафтанинг қолган кунлари ва иккинчи навбатдаги ўқитувчи ва ўқувчиларнинг соғлигига ким жавоб беради?

Ҳозирги пандемия шароитида мактаб ўқувчилар сонидан келиб чиқадиган бўлсак, тиббий ходимлар таълим муассасаларига жуда зарур. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг саломатлигини доимий назоратга олиш, касаллик аломатлари сезилган вақтда дарҳол керакли амалларни бажаришга энг биринчи навбатда тиббиёт ходими масъул эмасми? Ўқитувчи ва ўқувчиларни дарс машғулотларига киришдан олдин эрталабки фильтрдан ўтказиш, ўқувчиларни мактаб биносига  асосан 2 ёки 3 та эшикдан киритиш ва уларнинг ҳар бирининг тана ҳароратини ўлчаб қайд қилиш ҳам асосан тиббиёт ходимларига юклатилган. Шунинг учун таълим муассасаларидаги тиббиёт ва изоляция хоналарини талаб даражасига келтириш, бирламчи дори воситалари билан таъминлаш, ҳимоя жиҳозлари тиббий ниқобларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Шаҳардаги барча мактабларда имкониятидан келиб чиқиб, 1-2 тадан тана ҳароратини ўлчайдиган асбоб, антисептик, дезинфекцияловчи ва бошқа керакли воситалар қисман олинган, аммо,  ҳар 300 нафар ўқувчига 1 та тана ҳароратини ўлчайдиган асбоб бўлиши кераклиги инобатга олинса, мавжуд базани етарли деб бўлмайди.  

Барча мактабларда қўл ювиш мосламалари тайёрлаб қўйилган. Соатбай сув бериладиган 24 ва 49-мактабларда қўл ювиш учун сув сақлайдиган  идишлар тайёрланган.

Шу ўринда яна бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтмоқчимиз, мактаб ошхоналари фаолиятига рухсат берилмаяпти, шундан келиб чиқадиган бўлсак ўқувчилар учун қайнатилган сув қандай ташкил этилади, улар чанқаганда сувни қаердан олади? Ушбу масала бўйича баъзи мактабларда   ҳар бир синф хонаси электр чойнаклар ва бир марталик стаканлар билан таъминланган. Лекин, бундай ҳолатда ҳам муаммолар юзага келиши табиий. Масалан, электр энергиясининг меъёрдан ортиқ сарфланишига ёки тинимсиз ишлатилиши сабабли қизиб кетиб турли носозлик чиқишига, бир марталик стаканлар билан таъминланишдаги молиявий муаммоларга олиб келади. 

Умумтаълим мактабларида анъанавий таълим жараёнларини бошлаш борасида ўрганиш натижалари ва муассасалардаги тайёргарлик жараёнларининг атрофлича муҳокамасидан сўнг депутатлар мактаблардаги мавжуд ҳолат бўйича шаҳар санитария-эпидемиология осойишталик марказининг тегишли хулосасига кўра, анъанавий таълимга рухсат берилишига келишилди. Бунда ҳам босқичма-босқич, фақатгина бошланғич синфлар учун анъанавий таълим йўлга қўйилиши белгиланди.

Албатта, анъанавий тарзда фарзандини мактабга ўқитиш истагида бўлган 62 % ота-оналарнинг ишончини оқлаш йўлида амалга оширилиши лозим бўлган ишларга барчамиз бирдек масъулмиз. Соғлиқни сақлаш вазири таъкидлаганидек, ҳар биримизнинг фарзандларимиз, набираларимиз бор. Болалар соғлиғи ҳақида гап кетганда, уларнинг ўрнига ўз боламизни қўйиб кўрайлик. Шунинг учун мактабларга бириктирилган тиббиёт ходимларидан, педагоглардан, барча мутасаддилардан вазиятга ота ёки она кўзи билан қарашларини сўраб қоламиз. Чунки мавжуд камчиликларни бартараф этган тақдирда ҳам мактабда коронавирус юқмайди, деб ҳеч ким кафолот бера олмайди. Зеро, халқимизнинг “Етти ўлчаб бир кес” деган нақлига амал қилишимиз лозим.

Муҳиба БОБОБЕКОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

                                             

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+