Самарқанддаги митингда олий таълим муассасалари шартнома пули миқдоридан норозилик эълон қилинди

11.10.2019 13:10:55

Каттақўрғон шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва партия вилоят Кенгаши ҳамкорлигида “Биз адолат тарафдоримиз” шиори остида “Адолат” сайли бўлиб ўтди.

Жорий йилда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларига сайловларга тайёргарлик ишлари доирасида кенг аҳоли билан ўзгача, ўзига хос мулоқот усулда ташкил этилган мазкур тадбир Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг жойларда ўз ғоялари ва дастурларини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган сиёсий-ижтимоий, ҳуқуқий тарғибот ишлари сирасига киради.

“Адолат”  сайли ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали ҳамда маҳаллаларда жарчилар томонидан эълон қилиб борилгани сабабли Каттақўрғон шаҳридаги марказий ўйингоҳига одамлар  оқими узилмади.  Очиқ осмон остидаги юзма-юз учрашув кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, ёшлар, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари билан гавжум бўлди.

“Адолат” сайлининг кириш қисми митинг тарзида ташкил этилди. Партиянинг вилоят Кенгаши раиси Муҳиба Бабабекова, партия Сиёсий Кенгаши Аёллар ва ёшларнинг фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи Гулруҳ Агзамов ва бошқалар сўзга чиқди. Нотиқлар суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида эътибор қаратилмасдан йиғилиб қолган муаммолар, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишини амалга оширишда партия олдида турган устувор вазифалар, партия дастуридан ўрин олган олий таълимда квоталарни бекор қилиш, “ақлли” тиббиётни жорий этиш, дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасини бекор қилиш, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни илдизи билан қуритиш каби ҳаётбахш ғоялар  ҳақида гапирдилар.

Тадбир иштирокчилари томонидан соҳаларда адолатни таъминлаш борасида йўл қуйилаётган камчиликлар, баъзи эътирозлар очиқ-ойдин билдирилди. Хусусан, олий таълим тизимида шартнома пулларининг оширилиши, стипендияларнинг туширилиши, халқ таълими тизимида ҳанузгача ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилаётганлик ҳолатлари, дарсликларга тўловлар, тиббиёт соҳасидагилар томонидан меҳнатларига муносиб иш ҳаққи ажратилиши, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги масалалар кўтарилди. Тадбир иштирокчилари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар,  кўтарилган муаммоларнинг ҳар бири “Адолат” социал-демократик партияси эътибор марказида эканлиги, партия томонидан илгари сурилаётган ғоялар ҳақида Г.Агзамова маълумот бериб ўтди.

Шунингдек, тадбирда “Адолат” партияси  томонидан кўтарилаётган долзарб лойиҳалар, ҳаётбахш ғоялар кенг аҳоли томонидан қўллаб қувватланди.

Шаҳризода Ҳакимова, партиянинг “Ёш депуталар” клуби аъзоси:

-Партиямизнинг олий ўқув юртларига квотасиз қабул қилиш ёки шартнома тўловларини пасайтириш каби ташаббуслар билан чиқишлари айни биз ёшларнинг, нафақат биз, балки ота-оналаримизнинг ҳам кўнглидаги гап бўлди. Чунки, олий маълумотли бўлиш ҳар биримизнинг мақсадимиз. Ким истамайди дейсиз, мактабни битирган йилиёқ талабалик бахтига муяссар бўлишни, чўнтаги кўтара оладиган даражада шартнома пули тўлашни?! Ёки кам таъминланган оилалар фарзандларини ўқитишни хоҳламайди дейсизми? 

Суннатилло Усмонов, Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори:

 – Бугун ижтимоий тармоқларда тиббиёт ходимларига қилинаётган тажовулар ҳақида тез-тез эшитиб турибмиз, касбим шифокор бўлгани учун ўзим ҳам ҳар куни турли вазиятларга дуч келаман. Кимдир сизга ишонч билдириб қўллаб қувватлаб турса, яна кимдир бунинг аксини қилади. Шундай пайтларда нега тиббиёт ходимларига ҳужум қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи, ўз вазифасини бажараётган тиббиёт ходимларини бемор ва уларнинг яқин қариндошлари ҳужумидан ҳимоя қилувчи бирор бир қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилмаган, деб ўйлар эдим. “Адолат” СДП депуталари томонидан шифокорлар ҳимоясига қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда ўқиб қолдим. Ҳақиқат бор экан-ку, дедим. Бугунги сайл ҳақида ҳам ижтимоий тармоқдан маълумот олдим. Партияга аъзо бўлиш, фаолияти билан яқиндан танишиш учун ташриф буюрдим.

Сайл давомида партия фаолиятига оид лавҳалар, “Ёш адолатчилар” ва “Аёллар қаноти” вакиллари, Каттақўрғон шаҳар Абдулҳамид Мажидий театри жамоасининг саҳналаштирилган чиқишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Зулфия Полвонова, Каттақўрғон шаҳридаги Амир Темур МФЙ фуқароси:

 - Сайл доирасида ташкил этилган саҳна чиқишлари, айниқса, бобокалонимиз Амир Темурнинг адолат туғини баланд кўтаргани, мозийга қайтиб иш кўргани буюк аждодларимизнинг адолат ҳақидаги қарашлари орқали партиянинг танлаган йўли тўғрилигини аҳолига тушунарли тарзда етказиб бера олгани билан аҳамиятли бўлди. Айниқса, охирги саҳна кўринишидаги қора кучлар устидан адолатнинг ғалаба қозониши тасвирлангани кўнглимни тўлқинлантиди. Менда “Адолат” партияси сафига қўшилиш, ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истаги туғилди.

Тадбир давомида партия фаолиятига оид қизиқарли савол-жавоб, викторина ўйинлари ҳам ташкил этилди. Фаол иштирок этганларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди. “Адолат” сайлига ташриф буюрган эстрадамизнинг ёрқин юлдузларининг концерт дастурлари эса тадбир иштирокчиларига   кўтаринки кайфият улашди.

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+