Самимий мулоқотлар ва ижобий ўзгаришлар

02.02.2021 23:02:38

Халқнинг фикр ва  муаммоларини эшитиш ҳамда дарду ташвишларини енгиллаштириш давлат хизматчиларининг бурчидир. Бу борадаги ишларни самарали ташкил қилишга давлатимиз раҳбари томонидан жуда катта эътибор берилаяпти. Шу боис ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари белгиланган режага асосан ҳар ой ўз сайлов округларига ташриф буюриб, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришаяптилар.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Абдуғани Умиров, Махфират Хушвақтова ва Дилшод Ҳамзаевларнинг одамлар билан учрашувлари ҳам ғоят самарали кечди.

-Мулоқотларда фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишга доир қонуний ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилишига ва мурожаатларнинг ўз вақтида аниқ, тўлиқ ва холис сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга алоҳида эътибор бераяпмиз,-дейди Абдуғани Умиров.-Аҳолини ташвишга солаётган асосий муаммоларни таҳлил қиладиган бўлсак, ҳали ҳам фуқаролар мурожаатлари ҳокимият ва бошқа давлат ҳамда хўжалик бошқарув органлари масъуллари томонидан адолатли кўриб чиқилмаяпти.

Депутат Қарши туманидаги “Дашт” маҳалла фуқаролар йиғини  фуқаролари билан  мулоқотида одамлар  54-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасини газ билан таъминлаш масаласи  ҳал этилмасдан келаётганлигидан шикоят қилишган эди.  Қарийб  1500 нафар оила истиқомат қиладиган  маҳалла фуқаролари номидан  Юсуф Рўзиев эса  депутатга  томорқа экинларини суғориш учун оқар сув муаммо бўлаётганлиги учун ёрдам сўради. Бу жумбоқни ўз вақтида бартараф этиш учун Абдуғани Умиров Аму Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахром Бўриев, туман ирригация бўлими бошлиғи Зокир Аллаев билан биргаликда 2017 йилда тузилган лойиҳага асосан зарур бўлган насос учун 2310 метр қувур ва 370 метр темир қувур кераклиги бўйича фикрлашди. Мутасаддиларга бир ҳафта муддат ичида аҳоли томорқа ерларига сув олиб келиш учун ички сув  йўлларини тартибга келтириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Бундан ташқари, “Сарой” МФЙда болалар боғчаси йўқлиги сабабли  тадбиркор Равшан Очилов 100 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қуриш учун имтиёзли кредит олишда кўмак сўради. Депутат бу масалани ҳам обдон ўрганиб, туман МТТ раҳбари ўринбосари Сирож Ҳамроевга Республика МТМ вазирлиги билан битим тузиб тадбиркорга “Агробанк”дан 7 фоизли имтиёзли кредит олишида амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан тегишли топшириқлар берди.

Депутат Дилшод Ҳамзаев ҳам  Ғузор туманидаги “Эскибоғ” МФЙдаги оилавий поликлиника тиббиёт ходимлари билан учрашув ўтказди. Қизғин мулоқотлар жараёнида поликлиника бош шифокори Вали Холиқов депутатга тиббиёт муассасасига оптик толали интернет тармоғи ўрнатиш, поликлиника биносини таъмирлаш, тиббий, қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар олишда бюджетдан 500 миллион сўм маблағ ажратилишида ёрдам беришини сўради. Шунингдек, депутат тумандаги 21-ДМТТ тарбиячилари ва ота-оналар билан учрашганида, боғча 180 ўринга мўлжалланган бўлсада, айни пайтда 250 нафар бола тарбияланаётгани учун қўшимча бино қуришда амалий ёрдам кўрсатишини сўрашди. Депутат ушбу жумбоқлар юзасидан тумандаги тегишли ташкилотлар билан боғланиб, ижобий ечим топилишига муваффақ бўлди.

Косон  туманидаги “Сурхон”, “Майдаёбу” МФЙларда  5 та умумтаълим мактаби бор. Ушбу илм масканларида ёш авлодга таълим-тарбия бераётган ўқитувчиларнинг 25 нафари ҳар куни 50 километр йўл босиб туман марказидан келиб кетади. Педагоглар учун ҳалигача транспорт ажратилмаган. Бу муаммони ўрганган депутат Махфурат Хушвақтова педагоглар эътирози ўринлиги эканлигини аниқлаб, камчиликни тез кунда бартараф этиш учун туман Кенгаши котибиятига сессияга киритиб транспорт ажратилиши юзасидан кўрсатмалар берди.

Умуман, воҳа аҳолисини шу кеча-кундузда асосан ичимлик суви, оқова сувларнинг етишмаслиги, уй-жой масаласи, ички йўлларни таъмирлаш, тадбиркорлик қилиш учун ер олиш, бандлик каби муаммолар қийнамоқда. Энг муҳими, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг тезкор саъй-ҳаракати туфайли муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилиб, айримларини белгиланган муддатларда бажариш юзасидан масъулларга тегишлича тушунтириш ва кўрсатмалар берилди.

                                                Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят

                                                Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+