Санъат йўналишидаги олий таълим муаммоларининг ечими қандай бўлади?

01.06.2020 14:06:57

Санъат – ўз моҳияти ва ижтимоий мазмунига кўра ҳар қандай миллий маданиятнинг узвий қисми сифатида муайян давлат, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий тараққиёти даражасини белгиловчи энг муҳим ва устувор мезонлардан биридир.

Санъат йўналишидаги таълим, у қандай бўлиши керак?

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан ижодкорларга қаратилаётган эътибор ва эҳтиром соҳа вакилларининг меҳнатини рағбатлантириши билан бирга ҳар бир ижодкорнинг ижтимоий масъулиятини ҳам ошириб, ўз фаолиятига янгича нуқтаи назар билан қарашга даъват этди.

Хусусан, Президентимиз томонидан қабул қилинган “Миллий маданиятни янада чуқурлаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорда маданият ва санъат йўналишида малакали кадрлар тайёрлаш тизимида таълим-тарбия ва махсус ижодий-касбий дастурлар ўртасида узвийлик ва ворислик тамойилларининг йўқлиги, талаба-ёшларни ўқитишда якка тартибдаги ўқув услубидан самарали фойдаланилмаётгани алоҳида қайд этилган эди.

Маълумки, таълим тизимининг айнан санъат йўналишида фанлар якка тартибда “устоз-шогирд” шаклида олиб борилади. Ўқитишнинг бу услуби кўп асрлик тарихга эга бўлиб, унда ўқитувчи ҳамда талаба ўртасидаги мулоқот ўзига хос мураккаб ижодий жараённи ташкил этади. Ўқитувчи ҳар бир талабага нафақат унинг иқтидори ва ижро маҳорати ҳамда савиясини инобатга олган ҳолда, балки унинг билимга муносабати, шахсий фазилатлари, руҳий психологик ҳолатидан келиб чиқиб индивидуал ёндашар экан, бундай ёндашув бетакрор бўлиб, бошқа бир талаба мисолида умуман ўзгача характерда акс этиши мумкин. Ҳар бир талабанинг имконияти ва иқтидорини ҳисобга олган ҳолда унинг келгусида мустақил ижодкор бўлиб етишишида унинг маънавий дунёсига хос бўлган қирраларни очиш ва ривожлантириш катта аҳамият касб этади. Бунда ўқитувчи ва талаба ўртасида ижодий маслакдошлик ҳам муҳим роль ўйнайди. Зеро, икки тарафга хос ижодий қарашларнинг ўзаро бир-бирига мос келиши, ўртада ишонч ва ихлос туйғусининг муштараклиги чуқур ва теран жараённи вужудга келтиради.

Талабадаги ижодий қарашларнинг шаклланиши, асосан, олий таълим босқичида юзага келади. Демак, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус таълимдан фарқли ўлароқ, олий таълим тизимида талабага бўлган муносабат ўзгача бўлиши керак.

Олий таълим босқичида талабага бўлган талабларни соф индивидуал тартибда белгилар эканмиз, табиийки, бу босқичда талабани тарбиялайдиган профессор-ўқитувчига нисбатан юксак касбий маҳорат, сахийлик ва масъулият талабини қўйиш баробарида, улар учун ижодий таълим бериш жараёнида ҳам мустақиллик ва эркинлик яратиш зарур.

Бунинг учун нима талаб этилади?

Олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари, аввало, ўзининг ижодий ҳунарини тараққий эттириши ва ўз истеъдоди билан кенг миқёсда юқори натижаларни намойиш этиши керак. Хоҳ у мақом ижрочиси, хоҳ у мусаввир ёки хореограф бўлсин, у тинимсиз равишда узоқ машқ ва репетицияларда ўзининг ижро маҳоратини ошириши ва шунинг натижасида мавсумий яккахон концертлар, шахсий ижодий кўргазмалар намойиш этиши шарт. Ваҳоланки, бугунги кунда профессор-ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаб, маҳоратини оширишга имконияти йўқ. Бунинг ўрнига педагог-ходимлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мажбурий этиб белгиланган тармоқ марказларидаги малака ошириш жараёнининг умуман самарасиз бўлган босқичларидан ўтишга мажбур бўлмоқда. Ҳолбуки, агар профессор-ўқитувчилар касб маҳоратини ошириш орқали ўзининг ижоди билан жаҳон даражасига чиққан бўлса, улар учун малака оширишнинг асло кераги бўлмайди.

Сўнгги йилларда санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари педагог-ходимларига салмоқли даражада илмий-тадқиқот иши юклатиб қўйилди. Диплом бўйича мутахассислиги тадқиқотчи бўлмаган санъаткор, рассом, ҳайкалтарош, хореограф, режиссёрлардан соф илмий фаолият юритиш талаб этиляпти. Натижада, педагог-ходимлар ўзи учун одатий бўлмаган илмий фаолиятни олиб бориш учун ўзининг йиллар давомида шаклланиб, қарор топган касбий мақомидан узоқлашишга мажбур бўлмоқда. Албатта, ҳар бир ижодкор-устоз хайрихоҳлик асносида ўзининг ижодий-педагогик тажрибаларини китоб, ўқув қўлланма ёки мақола тарзида оммалаштиришга ҳақли ва шундай бўлмоқда ҳам. Аммо юқори мутасадди ташкилотдан келадиган турли текширувчилар томонидан профессор-ўқитувчиларнинг салоҳиятини белгилашда уларнинг касб маҳорати ва малакаси эмас, балки унинг илмий диссертация ёзиб, ҳимоя қилганлиги асосий омил сифатида тан олинаётгани ачинарли ҳолдир.

Бу борада яна бир ўта муҳим жиҳатга ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Айни кунда таълимда санъат йўналиши педагог-ходимларининг илмий унвон олиши билан боғлиқ жуда кўп муаммолар мавжуд. Санъат соҳасини тараққий эттириш, нуфузли даражадаги республика ва халқаро танлов совриндорларидан иборат етук шогирдларни тарбиялаш, санъат соҳасининг устасига айланиш каби омиллар илмий унвон олишда назарда тутилмайди. Ваҳоланки, устоз-санъаткорларнинг зиммасидаги ушбу вазифа илмий иш ёзишдек улкан масъулиятни талаб этади. Шу боис, санъат йўналишида ижодий иш мақомини илмий иш мақоми билан тенглаштириш ва педагог-ходимларнинг илмий унвон олиш тартибини қайта кўриб чиқиш ҳам бугунги энг долзарб вазифалардан биридир.

Шунингдек, санъат йўналишидаги профессор-ўқитувчиларнинг оммавий ахборот воситалари орқали муаллифлик дастурлари билан чиқишини, мамлакатнинг санъат соҳасидаги даражасини белгилаб берувчи назарий, амалий ҳамда таҳлилий материалларини кенг жамоатчиликка етказиб боришини, санъат соҳасида янги замонавий тенденцияларни белгилаб, улар асосида юзага келадиган замонавий ижодий жараёнлар юзасидан тегишли мулоҳазалари баён этилган давра суҳбатлари, маҳорат дарсларини тарғиб этиш тажрибасини ҳам тизимли тарзда жорий этиб бориш керак. Зеро, санъатнинг ижодий-амалий қисми ривожланмас экан, унга қаратилган илм ҳам ўз ривожланишидан тўхтайди.

Ҳар бир даврда бўлгани сингари, бугунги кунда ҳам санъат йўналиши педагог-ходимларига ижодий эркинлик муҳитини яратиш лозим. Бунда, санъат йўналишига ихтисослашган олий таълим даргоҳлари ўз хусусиятидан келиб чиқиб, ўқув режаси ва ўқув дастурлари, талаба ва педагоглар рейтингини баҳолаш мезонларини мустақил белгилай олиши керак. Табиийки, бунда ҳеч бир юқори ташкилот ушбу таълим муассасасига нисбатан ўзининг ҳукмбардорлиги – гегемонлиги ёки бошқа бир тарздаги таъсирини ўтказа олмаслиги зарур.

Маълумки, санъат йўналишига ихтисослашган профессор-ўқитувчилар хорижий мамлакатларда ўтказиладиган нуфузли халқаро танлов ва илмий анжуманларда қатнашиб, ўзбек санъатини тараннум этувчи бадиий ижро ва илмий маърузалар билан чиқиш қилишади. Профессор-ўқитувчиларнинг хорижда ўзбек санъатини тарғиб қилиш учун кетган вақти ҳисобидан уларнинг ойлик маоши ушлаб қолинади. Буни қандай тушуниш керак?! Шубҳасиз, бу ҳолат ҳам ижодкор педагогларнинг изланишлари, келгуси фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Аслида, бундай ижодий интилишларга тамоман ўзгача муносабат билдирилиши керак эмасми? Зеро, миллий маънавий меросимизни тарғиб этиш ҳаракатида бўлган мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва улар олдида янги имкониятлар эшигини очиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Олий таълим тизимида талабаларнинг мустақил таълим олишига имкон яратиш муаммоси ҳам ҳанузгача энг долзарб масалалар бўлиб келмоқда. Хорижнинг нуфузли олий таълим даргоҳларининг тажрибасига асосланиб фикр юритсак, уларда талабанинг ўзлаштириш даражасини асосан синовлар белгилаб беради. Негаки, у ердаги таълим тизими асосида талаба мустақил ўқиш жараёнини тўғри йўлга қўйиш орқали мустақил ижодий жараённи юритишгача ўсиб келади.

Бугунги кунда юртимизда олий таълим соҳаси, асосан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидадир. Айтиш керакки, ушбу тузилма мамлакатимиздаги барча олий таълим даргоҳларига бир хил назар билан қарайди. Ваҳоланки, юртимизда мавжуд фан, маданият, иқтисодиёт, гуманитар соҳаларга йўналтирилган таълим муассасаларининг ҳар бирига унинг хусусиятидан келиб чиқиб, институтларнинг илмий ва ижодий қиёфасига кўра индивидуал ёндашиш ижобий самара берган бўлар эди.

Шу боис, бугунги кунда санъат йўналишига ихтисослашган олий таълим муассасаларини Олий таълим вазирлигининг илмий-услубий бошқарув назоратидан чиқариб, ушбу таълим даргоҳларини бевосита маданият ва санъат соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи юқори ваколатли ташкилот тасарруфига батамом ўтказиш зарурати мавжуд.

Давлат ҳокимиятининг олий маслаҳат органи бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Маданият ва санъат масалалари бўйича Кенгаш тузиш бугунги кун учун долзарб масала ҳисобланади. Ушбу Кенгаш юртимиз ҳамда хорижнинг атоқли намояндаларидан ташкил топиб, давлат раҳбарига маданият соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилиши ва унинг самарадорлигини янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш учун зарур таҳлилий маълумотларни тақдим этиш ваколатига эга ягона жамоат ташкилоти бўлмоғи керак. Шунингдек, давлат ҳокимиятининг ижодий бирлашмалар, маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий зиёлиларнинг вакиллари билан ўзаро муносабатларини такомиллаштириш бўйича дастурий лойиҳаларни тақдим этиш, маданият ва санъат ходимларининг ҳуқуқ ва эркинликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари бўйича таклиф ва тавсиялар киритиш, маданият ва санъат соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофотлари ва унвонларига номзодлар бўйича таклифларни кўриб чиқиш ва тавсия бериш каби устувор вазифалар ҳам ушбу Кенгаш ваколати доирасида бўлиши соҳада эришиладиган натижаларнинг самарадорлигини таъминлайди.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+