Санг қишлоғида бадиий галерея очилди

13.10.2020 17:10:45

Санг – Поп туманининг аҳолиси кўплиги жиҳатидан энг катта қишлоқлардан бири саналади. У азим Сирдарё соҳилида жойлашган ва ўзининг боғ-роғлари, пахтазору ғаллазорлари билан машҳур. Сангдан етишиб чиққан адабиёт ва санъат арбоблари ҳам талай. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб Ортиқали Номозов, машҳур сўз устаси, республикада хизмат кўрсатган артист Рустам Ҳамроқулов, унинг изидан бораётган ўғиллари Искандар ва Самандарни мамлакатимизнинг ҳамма ерида яхши билишади.

Ана шундай машҳур инсонлар сафидан моҳир мўйқалам устаси, Ўзбекистон санъат арбоби Ортиқали Қозоқов ҳам жой эгаллаган. Куни кеча у туғилиб ўсган Санг қишлоғида рассомнинг шахсий галереяси очилди. Ижодкорнинг олтмиш йиллигига бағишланган тадбирда вилоят ва туман ҳокимлиги раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, зиёлилар иштирок этдилар. Машҳур мўйқалам устаси ва тажрибали педагог шаънига қутлов сўзлари янгради, совға-саломлар топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Поп туман кенгашининг раиси Зафаржон Ҳасанов ҳам иштирок этди. У партиядашларимиз номидан юртдош бўлмиш рассомни табриклар экан, жумладан, шундай деди:

– Бугун Санг қишлоғида  бадиий галереянинг очилиши туман маданий ҳаётида ажойиб воқеа бўлди. Бу ерда Ортиқали аканинг ижодига мансуб олтмишта асар билан танишиш мумкин. Ўзини санъат мухлиси, нафосат шайдоси деб билган ҳар бир киши галереяга ташриф буюрмай қўймайди. Ўйлайманки, келгусида ёшларимиз орасидан кўплаб рассом, адиб, хонанда, созанда ва бошқа ўз касбининг усталари етишиб чиқади. Ушбу галереяга қўйилган расмлар муаллифининг намунаси эса уларнинг  ҳаёт йўлини нурафшон қилиб туриши аниқ.

Поплик “адолат”чилар раҳбари ижодкорга партиямизнинг эсдалик совғаларини ҳадя этди.

Ўрни келганда бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида машҳур рассом юртдошимиз ҳақида икки оғиз сўз айтмоқчимиз. Унинг ижод намуналари Вашингтон, Москва, Измир, Нагано, Милан, Деҳли, Никосия каби шаҳарлардаги, музейлар, галереялар ва хусусий тўпламларда сақланмоқда. Асарлари турли мамлакатларда ўтказилган юзга яқин халқаро кўргазмаларда намойиш этилган. Унинг ижод йўли ҳақида ҳикоя қилувчи китоб, монография ва альбомлар чиққан. Ҳужжатли фильм ҳам суратга олинган.

Ортиқали Қозоқов чизган расмлар услуб ва жанр жиҳатидан хилма-хил. Лекин анча мураккаб саналмиш авангард йўналиши муҳим ўрин тутади. Пейзаж, натюрморт, портретлари ҳам мухлисларга маъқул тушади. Ижодида ўзбек халқ оғзаки ижоди руҳияти акс эттирилгани уларни миллий ўзига хослик билан бойитган.

– Мен шу қишлоқ фарзандиман, шунинг учун у ва барча сангликлар олдида маънавий жиҳатдан ўзимни қарздор ҳисоблайман, - дейди Ортиқали Қозоқов. – Анчадан бери бир туркум асарларимни ҳамюртларимга туҳфа қилишни ўйлаб юрардим. Мана, бугун шундай кун келганидан хурсандман. Галереядаги расмлар кишиларга озми-кўпми, маънавий озуқа берса, мендан бахтиёр одам бўлмайди.

                                                                           Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган     

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+