Сардобаликлар билан бирдаммиз!

05.05.2020 12:05:25

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида рўй берган  табиий офат барча ҳамюртларимиз қатори наманганликларни ҳам шу синовли дамларда азият чеккан биродарларимизни қўллаб-қувватлашга даъват этди. Айни пайтда мамлакатнинг барча томонидан йўлга чиққан “саховат карвонлари” чўлқуварлар юртига етиб бормоқда. Доноларимиз айтганларидай, “Беш бармоқ йиғилса, мушт бўлар”, яъни ҳаммамиз бирлашсак, ҳар қандай хавф-хатарни енгамиз.

Сирдарёдаги воқеа содир бўлган куниёқ вилоят партия ташкилоти тизимида вебинар йиғилиш ўтказилди. Унда сўзга чиққан “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев барча партиядошларимизни сув омборида юз берган фалокат тафсилотлари билан таништириб, юртдошларимизни астойдил қўллаб-қувватлашга чақирди. Шу ўринда Президентимизнинг январь ойида парламентга йўллаган Мурожаатномасида келтирилган қуйидаги сўзлари яна бир бор эсланди.   “Биз ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз... Бу йўлда қандай қийинчилик ва машаққатлар бўлмасин, барчасини мардона енгиб ўтишга тайёрмиз”. Ўзбекистон аҳли азалдан бундай қийинчилик ва машаққатларга матонат ҳамда жасорат, аҳиллик ва бирдамликни қарама-қарши қўйиб, доимо кўзланган мақсадга эришиб келган. Бу сафар ҳам шундай бўлишига шак-шубҳа йўқ.

Сўзга чиққан партия фаолларидан Рустамжон Хўжамбердиев, Носиржон Ҳасанов, Ойлархон Охунова, Акбаржон Мансуров ва бошқалар ҳам бу фикрларни қўллаб-қувватладилар. Намангандан Сирдарё вилоятига жўнатиладиган “Саховат каровони”га баҳоли-қудрат ғисса қўшишга қарор қилинди. Куни кеча эса Сирдарёда талофат кўрганлар учун  инсонпарварлик ёрдамини тўплаш маркази ташкил этилди. Партиядошларимиз ҳам у ерга  кийим-кечак, турли буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келиб топширмоқдалар.

Бундан ташқари, 1 май куниёқ вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, фуқаролар ҳиммати билан шакллантирилган “Саховат карвони” Сирдарёга жўнатилди. У 11 та юк машинасидан иборат бўлиб, уларга озиқ-овқат, қурилиш маҳсулотлари ва кийим-кечаклар ортилган. Мазкур хайрия ёрдамининг  умумий суммаси 1,7 миллиард сўмни ташкил этди.

Бу, албатта, Наманган аҳлининг сув омборидаги фалокат туфайли жабр кўрган юртдошларимизни қизғин қўллаб-қувватлаётганликларидан далолатдир.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+