Сарой ҳунармандлар марказига айланади

20.01.2021 19:01:31

Миллий маданиятимизни акс эттирувчи моддий ва номоддий мерослар халқимизнинг асрий бисоти саналади. Уларни асраб-авайлаш, келажак авлодга етказиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Шу маънода миллий қўғирчоқлар ясашга ихтисослашган ҳунармандлар орамизда кўпайиб бораётгани қувонарлидир.

Қизларимиз “Зумрат ва Қиммат”, “Барчиной ва Алпомиш” эртакларини эшитиб улғайишяпти. Қўлидаги қўғирчоғи ҳам ажнабий тусда эмас, ўша миллий эртакларимиздаги сулув қизлар қиёфасида бўлса, қувонмай бўладими?

– Атлас либосига бурканган қўғирчоқ қизалоқларни “Барби”дан кўра кўпроқ ўзига тортади, – дейди “Сарой” маҳалласида яшовчи ҳунарманд Зулфия Мамадиёрова. – Тўрт нафар шогирдим бор. “Аёллар дафтари”га кирган опа-сингилларимизни ҳам шу соҳага йўналтириш асосий мақсадимиз. Биринчи авлод шогирдларим аллақачон ўз маҳсулотлари билан бозорга кириб борди. Улар ҳам шогирд тарбия қилишяпти. Шу тариқа маҳалламизни миллий қўғирчоқлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган ҳунармандлар марказига айлантирмоқчимиз.

Эътиборлиси, Зулфия опа ижтимоий ҳаётда ҳам фаол. У киши “Адолат” социал-демокрактик партияси туман кенгашининг “Аёллар қаноти”га етакчилик қилмоқда. Ҳалол меҳнат билан рўзғорини обод қилишга аҳд қилган хотин-қизларни бирлаштириб, йирик ишлаб чиқариш тармоғига асос солиш ниятида. Бунинг учун бизнес-режа ҳам ишлаб чиққан. Имтиёзли кридит асосида фаолиятини кенгайтирмоқчи.

Зулфия Мамадиёрованинг тадбиркорлиги, миллийлигимизни тарғиб этувчи қуғирчоқлар ҳақида хабар топган Zo'r TV телеканалининг “BU KUN” кўрсатуви ижодкорлари опанинг ишларини тасвирга олгани хонадонига ташриф буюрди. Биз сафдошимизга шижоатингизга кўз тегмасин, деб қоламиз.

Дилмурод МАХРАМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+