Савоб сари шошилганлар

04.12.2020 17:12:27

Бобур шоҳ  кўчаси, 12-уй. Бу манзил Наманганда кўпчиликка яхши  таниш. Чунки вилоят қон қуйиш маркази  айнан шу  ерда  қўним топган. Ушбу масканда турли хасталикларга дучор бўлган ёки жиддий жарроҳлик амалиётларини  бошидан  кечирган инсонлар ҳаёти  учун энг зарур  нарсани  истаган  пайтда олиш мумкин. Марказ туну кун фаолият кўрсатади. 

Кейинги пайтда бу  манзил Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари  учун ҳам  қадрдон  бўлиб  қолди. Бир неча бор  “Бор  меҳримиз сенга,  болажон!” шиори остила  ўтказилган  беғараз  донорлик  акцияси ҳам  бунга  сабаб. Маълумки,  ушбу  жараёнда топширилган  қон оғир  касалликка  учраган ўғил-қизларга катта  ёрдам  бўлди.

Ўзбекистон  Республикаси Конституциясининг 28 йиллигига бағишланган  бу  галги акция  ҳам   юқори  савияда  ташкил  этилди. Вилоят маркази ва туманлардан  “Адолат” СДП даъватига жавобан  етиб  келган  бағрикенг ва олижаноб  инсонларни тиббиёт  ҳамширалари Моҳира Ҳайдарова ва Муаззам  Дадахонова  кутиб олдилар. Рўйхатдан ўтган  фуқаролар тўғри  донорлик бўлимига  йўналадилар.

– Биз “адолат”чилар ташаббуси  билан ўтказилаётган навбатдаги акцияга пухта ҳозирлик  кўрдик, - дейди марказ донорлик бўлими мудири Азимжон Давронов. – Зарур асбоб-ускуналар барвақт шайлаб қўйилди. Ходимлар билан акциянинг мазмун-моҳияти ҳақида суҳбат ўтказдик. Умуман, жараён ташкилий  жиҳатдан юқори савияда ўтишини таъминлаш  учун ҳамма иш  қилинди.

Марказда иш  вақти  соат  тўққизда  бошланади. Аммо “Адолат” СДП фаоллари ва  хайрли ташаббусга  қўшилган  донорлар анча  барвақт  етиб  келдилар. Бунга оммавий  ахборот  воситалари  ва  ижтимоий  тармоқларда олиб  борилган кенг  тарғибот ҳам  кўмаклашди,  албатта. Партиямиз  вилоят  Кенгашига шу  мавзуда  кўплаб  қўнғироқлар  бўлгани  ҳам  фикримиз  далилидир.

Дилмурод Юнусалиев Поп туманида яшайди. “Бор меҳримиз сенга,  болажон!” шиори остидаги беғараз донорлик акциясида ўтган сафар ҳам қатнашган эди. Ўшанда  ўзининг  инсонпарварлик  бурчини  бажарганидан катта қониқиш  ҳосил   қилганди. Бу гал ҳам эзгу  ишга ҳисса  қўшишни  мақсад  қилди. Шунинг учун эрталабда марказга етиб келибди.

Худди  шундай  фикрларни чустлик М. Нуралиева, норинлик Б. Эргашев, тўрақўрғонлик О. Абдуллаев, Наманган шаҳрилик М. Дадахонова ва  бошқалар  ҳам  билдиришди.

Қисқаси, 4 декабрь  куни  ўнлаб  фуқаролар Наманган вилоят қон  қуйиш  марказида  ташкил  этилган “Бор  меҳримиз  сенга,  болажон!” беғараз донорлик  акциясида фаол иштирок  этдилар.

Нурбек  АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят  Кенгаши  матбуот  котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+