Семинар-тренингда партия фахрийси тажрибалари билан ўртоқлашди

10.06.2020 16:06:35

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан карантин тартибларининг босқичма-босқич юмшатилиши жараёнида партия ходимлари олдида турган асосий вазифалар, вилоят аппарати ходимлари ва туман-шаҳар Кенгашлари раисларининг касбий маҳоратини ошириш, уларнинг сиёсий билимларини мустаҳкамлаб бориш мақсадида ўқув-тренинг ўтказилиши белгиланган бўлиб, режа жадвали ишлаб чиқилди.

Илк семинар-тренингга партиянинг 25 йиллиги муносабати билан таъсис этилган “Адолат” кўкрак нишони соҳиби, фахрий Наримон Шодиев таклиф қилинди. “Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ташкил топиш тарихи ва босиб ўтган шонли йўли, ундан Фарғона вилояти партия Кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар” мавзуси юзасидан  фикр-мулоҳазалари  тингланди.

Наримон Шодиев:

– Мен 1995-2005 йилларда  Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг турли лавозимларида, 2005-2013 йилларда Кенгаш раиси сифатида фаолият юритганман. Партиямиз ўзига хос йўналишга, рангга ва рамзга эга. Моҳиятан ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг барча тамойилларида адолат мезонларига риоя этилиши, камчилик ва муаммоларнинг тинчлик, гўзал ечим билан бартараф этилиши назарда тутилади. Фуқароларнинг, айниқса асосий электоратимиз бўлган шифокорлар, ўқитувчилар, ҳуқуқшунослар таркибидаги хотин-қизлар, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш олий мақсаддир. Йиллар давомида депутатлар билан ишлаб, партиямизнинг Сайловолди дастурларини илгари сурдик. Ҳар жиҳатдан  етук бўлган, халқ дарди билан ёнадиган илмли, салоҳиятли кадрларни депутат бўлишлари учун ҳаракат қилдик. Вилоят Кенгашининг самарали фаолияти, ходимларнинг меҳнат жараёни, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги нуфузи ва роли тобора юксалиб борди.

Семинар-тренинг давомида партия ходимлари ҳудудлардаги депутатлар ишлаш тартибида нималарга аҳамият қаратиши кераклиги, фаолият самарадорлигини ошириш юзасидан берган саволларига атрофлича жавоб олдилар.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+