Сенатор ва ёшлар учрашуви

18.09.2019 14:09:11

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда “Сенатор ва ёшлар” мавзуида учрашув ташкил этди. Гулистон давлат университетида ўтказилган мазкур тадбирда вилоят партия ташкилоти вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва депутатлар билан биргаликда Ёшлар иттифоқи, вилоят Адлия бошқармаси, Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Сайлов жараёнларига тайёргарлик ишлари қизғин паллага кираётган бугунги кунда ёшларнинг ҳуқуқий, сиёсий саводхонлигини ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини тарғиб қилиш, янги қабул қилинаётган қонунлар билан таништириш, энг муҳими, бу борада ёшларнинг фаоллигини, билимини ошириш бўйича йиғилиш қатнашчиларига атрофлича тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, Президентимиз раҳнамолигида давлатимиз томонидан ёшлар сиёсати бўйича олиб борилаётган кенг ислоҳотлар самарадорлиги, ёшларга оид қабул қилинаётган қонун ва қарорлар, яратилаётган кенг имкониятлар ва улардан оқилона фойдаланиш лозимлиги ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар спорти ва маданияти бўйича  қўмита  аъзоси  Арипжон Қудратов 2016 йил 14 сентябрда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганлигига ҳали кўп ўтмай шу кунгача мазкур қонун доирасида тўқсондан ортиқ қонун ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлади. Бу қабул қилинган қонун ва қарорлар замирида юртимиз эгалари бўлган ёшлар манфаати тўлиқ акс этганини кўрсатмоқда. 

Учрашув давомида бўлаётган воқеаларга реал ва очиқ нигоҳ билан кўз ташланган ҳолда ёшларнинг яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланмаётгани, ҳуқуқий маданият жиҳатдан орқада қолиб кетаётганлигига алоҳида урғу бериб ўтилди.

- Бугунги ёшларимиз орасида илғор ёшлар ҳам бор, албатта. Бироқ эртанги кунимиз истиқболи учун ёшлар тарафидан янгидан янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқиш ва уни кўрсатиш суст даражада қолмоқда – дейди сенатор А. Қудратов.

Йиғилишда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раис ўринбораси Валижон Тўйчиев, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Жамшид Нуриддинов, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раис ўринбосари Мурод Ҳайитовлар ҳам талабалар билан ўз фикр-мулоҳазалари доирасида фикр алмашишди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+