Сессия иштирокчилари кар-соқовлар онлайн мактаби ташкил этишни маъқуллади

20.02.2020 14:02:59

14 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудудлардаги муҳим масалаларни ҳал этишга оид масалалар кўриб чиқилди.

Дастлаб депутатлар Тошкент шаҳрида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг 2019 йилнинг якуни бўйича амалга оширилган ишлари билан танишдилар. Шунингдек, бу йўналишда жорий йилга мўлжалланган режаларга эътибор қаратдилар. Ушбу масала юзасидан сўзга чиққан Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмоновнинг маълум қилишича, 2020 йилда умумий қиймати 2,8 млрд. доллар бўлган 618 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилган.

Шароф Раҳмонов амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар бўйича маълумот берар экан, Яккасарой тумани, Бобур ва Қушбеги кўчалари оралиғидаги “Яккасарой кичик саноат зонаси” жойлашган ҳудудда замонавий бизнес марказлари, меҳмонхоналар, йирик кўргазма марказлари, савдо ва хизмат кўрсатиш биноларини жамлаган лойиҳа юзасидан ҳам маълумот бериб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Тошкент шаҳридаги минтақавий вакилининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам кўриб чиқилиб, Омбудсман фаолиятини ривожлантириш ҳамда иш самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, йиғилишда норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғининг ахбороти кўриб чиқилди. Бунда депутатлар қонун ости ҳужжатларининг ижроси юзасидан муҳим жиҳатларга эътибор қаратишди ва билдирилган таклиф ҳамда тавсиялар асосида тегишли қарор қабул қилинди.

Шу билан бир қаторда, “Адолат” СДПдан 6-Чўпонота  сайлов округидан сайланган депутат Обиджон Латипов, 21-Қорасарой сайлов округидан сайланган депутат Луиза Хикматова ҳамда 45-Қоратош сайлов округидан сайланган депутат Абдумавлон Касимовлар  томонидан сессия кун тартибига киритилган масалалар аҳамиятли бўлгани таъкидланди. Хусусан,   2019 йилнинг май ойида Президентнинг Учтепа туманига  ташрифида туманда яшовчи аҳолининг ҳаётини яхшилаш ва ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан бир қатор топшириқлар берган, жумладан тумандаги 4 та тиббий муассасада  бюджет маблағлари асосида, яна 4 та  тиббий муассасада эса маҳаллий бюджет маблағлари асосида капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш вазифа қилиб берилган. Бироқ, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2019 йил якунига қадар капитал таъмирланиши лозим бўлган 25-оилавий поликлиника, кўп тармоқли марказий поликлиниканинг “Ўрикзор” филиали, 22-оилавий поликлиниканинг “Бекобод” филиали, 23-оилавий поликлиниканинг “Тинчлик” филилларида таъмирлаш ишлари  маблағ танқислиги сабаб иш бошланган бўлсада якунига етмаган. Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан 2020 йил бошида бўнак (аванс) тариқасиа маблағ ажратилган бўлсада энди, пудратчилар тендер асосидан танланмаган деган сабаб билан молиялаш тўхтаб қолган.  Бу орада таъмирлашга тушган поликлиникага мурожаат этувчи эҳтиёжманд аҳолининг сифатли тиббий ҳизмат олишида ноқулайликлар юзага келиб, сарсон бўлмоқда.  Ушбу муаммоли масалани ечиш ва таъмирлаш ишларини тезроқ якунлаш мақсадида депутат Обиджон Латипов ҳолат юзасидан сессияда чиқиш қилди.  Депутат Президентнинг 2019 йилги ташрифидан сўнг  Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор  нормалар асосида ушбу биноларни капитал таъмирлашни тезроқ якунлаш мақсадида истисно таъриқасида молиявий барқарор ва катта иш тажрибасига эга корхоналарга бериш белгиланганлигини билдирди. Тошкент  шаҳар ҳокимиятининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси билан шартнома асосида ўз ҳисобидан иш бошлаган корхоналарга тўловларни амалга ошириш орқали жараён янада чўзилишининг олди олиниши айтиб ўтилди. Депутат томонидан киритилган масала асосида Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Депутат Луиза Хикматова эса ҳар бир тумандаги давлат хизматлари марказлари қошида электрон мобил алоқа воситалари орқали кар-соқовлар онлайн мактаби ташкил этиш ва бу мактабнинг номини “сукунат асрлари” деб номлашни таклиф этди. Мазкур масала ҳам сессия иштирокчилари томонидан маъқулланиб, Кенгаш қарори қабул қилинишига эришилди.

Доимий комиссия фаолиятида ҳам бир қанча масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, доимий комиссиянинг маҳаллий бюджет масалалари қўмитаси аъзоси, депутат Абдумавлон Касимов Шайхонтохур тумани ахолисининг мурожаатларига асосан 2013 йилда Гулбозор маҳалласи Зарқайнар ва А.Навоий кўчаларини боғловчи йўл беркилиб қолиши бўйича ўз таклифларини киритди. Ўз навбатида мазкур масала сессия кун тартибига ҳам олиб кирилди ва ҳал этиш юзасидан қарор қабул қилинди. Қарорнинг қабул қилиниши фуқаролар учун ижобий ҳолат. Зеро, ушбу муаммо  шу кунга қадар кўпгина ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. 

Эндиликда сессия кун тартибида депутатларнинг ўз сайлов округини ўрганиб, аниқлаган муаммолари ва уларнинг ечимлари ҳам алоҳида кўриб чиқилади.

Сессияда Тошкент шаҳридаги Учтепа ва Юнусобод туманларидаги Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига номзодларни тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди ва таклиф этилган номзодлар маъқулланди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+