Сессия кун тартибидаги аҳоли бандлиги масаласи депутатлар эътирозига сабаб бўлди

10.06.2020 18:06:44

Куни кеча Халқ депутатлари Арнасой туман Кенгашининг VI сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибидаги асосий масала пандемия даврида аҳоли саломатлиги ва турмуш фаровонлигига масъул бўлган сектор ва ташкилот раҳбарлари ҳисоботини тинглаш ва мавжуд камчиликларни таҳлил қилишдан иборат бўлди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган сессияда туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ориф Норбўтаевнинг ҳисоботи “Адолат” СДП туман кенгаши депутатлари томонидан танқидий муҳокама қилинди.

Жумладан, О.Норбўтаев ҳисоботида айтиб ўтилган 2020 йилнинг ўтган даврида туманда яратилган 2767 та иш ўрнининг атиги 678 нафари (25 %) доимий иш ўрни эканлиги, 2089 нафари (75 %) мавсумий иш ўринлари эканлиги танқид остига олинди. Яна икки ойдан кейин мавсумий иш ўринлари учун эҳтиёж тўхташи ва бунинг натижасида туманда ишсизлар сони ортиши ва 2020 йил учун белгиланган иш ўрни яратилмасдан қолаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, сессия кун тартибида бугунги пандемия шароитида энг муҳим йўналишлардан бири - хотин-қизлар бандлиги масаласи ҳам партия депутатлари танқидига сабаб бўлди. Туманда ўтган вақт давомида 635 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган бўлиб, уларнинг ҳам катта қисми яъни, 455 нафари мавсумий иш билан банд қилинган аёллардир. Мавжуд 180 та доимий иш ўринлари эса “Ғафур Ғулом” МФЙ ҳудудидаги “Арнасой барака чеварлари” ва “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги “Арнасой барака чеварлари” мажмуаларида яратилган 180 та иш ўринларидир.

Туман Кенгаши депутати Фарруҳ Абдуҳамидов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳоли бандлигини таъминлаш учун “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредитлар ажратилаётганига қарамасдан ўтган 5 ой вақт давомида хотин-қизларга банкдан имтиёзли кредитлар ажратиш орқали доимий бандлиги таъминланганлигига оид бирорта ҳолат кузатилмаганини айтиб ўтди.

Сессия кун тартибида “Адолат” СДП ишчи гуруҳи томонидан фаолияти ўрганилган “Arnasoy Gold Tekst” корхонасининг пандемия давридаги фаолияти ҳам муҳокама қилинди. Бугунги кун ҳолатига 3600 иш ўрнига эга бўлган корхонада 551 нафар тикувчи доимий иш билан банд. Уларнинг ҳам атиги 238 нафари туман ёшлари. Қолган 313 нафар ёшлар эса қўшни Зафаробод, Дўстлик ва Мирзачўл туманидан қатнаб ишловчи ёшлардир. Корхона маҳсулотлари 100 % экспортга йўналтирилган, аммо ҳозирги пандемия шароитида маҳсулотлар экспорти тўхтаган. Бунинг натижасида ишчилар апрель ва май ойлари учун ойлик иш ҳақларини ҳам олишмаган.

Ўтган икки ярим ойлик пандемия даврида корхонага нисбатан бирорта солиқ имтиёзлари берилмаган. Хатто корхонанинг ишчиларга апрель ойи иш ҳаққини бериш учун банкдан кредит олиш масаласида қилган мурожати ҳам рад этилган. Пандемия даврида мамлакатимизда 2020 йил 19 май ҳолатига 500 мингдан ортиқ тадбиркорларга 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди. 18 май куни давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва 100 мингга яқин аҳолига қўшимча 1,7 триллион сўмлик кўмак ажратилди. Аммо тумандаги аҳоли бандлиги ва пандемия даврида фаолиятини давом эттириб келаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга масъул бўлган ҳеч бир ташкилот корхона фаолиятини таҳлил қилиб, юқоридаги имтиёзларни корхонага нисбатан жорий қилиш масаласида бирор ижобий ташаббусни амалга оширмаган.

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан соҳаларга масъул ташкилотларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилиб, уларнинг ижроси тез орада таҳлил қилиниши белгиланди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+