Сессияда ҳудудий сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди

21.04.2020 08:04:23

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги 8-сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан сайланган шаҳар Кенгаши депутатлари ҳам фаол иштирок этишди.

Сессия дастлаб ҳудудий сектор раҳбарларининг тегишли ҳисоботларини тинглаш билан бошланди. Унда бугунги карантин шароитида аҳолини ўз вақтида сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, етказиб берилаётган маҳсулотларнинг хавфсизлигини назорат этиш, бозорлардаги нархлар барқарорлигини сақлаб қолишга эришиш долзарб ва муҳим масала эканлиги қайд этилди. Тошкент шаҳрида 13 та бозор ва унинг 40 дан ортиқ филиаллари, шунингдек йирик савдо мажмуалари хизмат кўрсатаётган бўлса, маҳаллаларда бугунги кун шароитида 1000 дан ортиқ кўчма ярмаркалар ташкил этилганлиги ва улар аҳолини бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда етакчилик қилаётганлиги ҳисоботларда келтириб ўтилди. Шу кунга қадар Хайрияларни мувофиқлаштириш маркази орқали Тошкент шаҳрининг 36 мингдан ортиқ аҳолисига  10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, 98 тонна картошка, 66 тонна гуруч, 43 тонна макарон, 65 тонна ун, 66 минг литр ўсимлик ёғи, 33 тонна шакар ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилганлиги маълумот сифатида айтиб ўтилди.

Шаҳар ИИБ бошлиғи ҳисоботида айтилишича, кундалик даромад топадиган, ойликка ишлайдиган ва қўшимча даромади бўлмаган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Айнан шундай фуқароларни топиб, уларга кўмаклашиш бўйича ишлар амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Давлатимиз томонидан қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш юзасидан жиддий ҳаракатлар олиб борилиши, ўз навбатида ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини янада ошириши зарурлиги депутатлар томонидан айтиб ўтилди.

Сессия сўнгида тегишли қарорлар қабул қилиниб, депутатлар томонидан мақулланди.

 

Р/С. Бугунги кунда Хайрияларни мувофиқлаштириш марказига келиб тушаётган аксарият мурожаат эгаларининг иқтисодий ҳолати қониқарли эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳақиқий ёрдамга мухтож инсонлар қолиб кетиб, марказ ўзига тўқларга хизмат кўрсатувчи бўлиб қолмаяптимикин?! Бу ҳақда жиддий бош қотириш вақти келди, менимча. Энг аввало, мурожаатчиларнинг иқтисодий ҳолатини маҳалла орқали яхшилаб ўрганиш ва шундан сўнггина уларнинг талабини қониқтириш лозим. Шунингдек, маҳаллада яшовчи реал ночор оилаларнинг рўйхатини тузиб, мурожаати бўлмаса ҳам уларга истеъмол маҳсулотларини етказиб бериш зарур. Чунки, баъзи инсонларнинг бундан хабари бўлмаса, баъзилар андиша устун келиб, марказга мурожаат этмасликлари мумкин.  

 

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+