Шахсий намуна булайлик!

15.04.2020 16:04:16

Айни кунларда халқимиз оғир синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Бутун дунёга соя солган коронавирус пандемияси ўта хавфли дард бўлиб, афсуски, мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Халқимиз бугунги оғир жараённи тўғри тушуниб, масалага онгли ёндошган ҳолда, бир тану, бир жон бўлиб, якдиллик билан карантин қоидаларига амал қилиб, бу офатни енгиш учун курашмоқда.

Муҳтарам Президентимиз коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича ҳар галги видеоселектор ва мурожаатларида мазкур хавф бизнинг халқимиз ҳаётида ҳам  моддий-ижтимоий тақчилликка сабаб бўлаётгани тўғрисида гапирмоқдалар.

Бундан келиб чиқиб, барчамиз бугунги  оғир вазиятда  ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз, қўни-қўшни, қариндош-уруғимиз ҳаёти учун масъул эканимизни унутмаган ҳолда карантин қоидаларига тўла амал қилишимиз шарт.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу ишда аввало, раҳбарлар ўрнак бўлайлик.

Фарзандларимиз уйда қолиб, билим олишлари, бўш вақтларини мазмунли ва самарали ўтказишлари учун масофавий таълимни янада мукаммалроқ олиб боришимиз зарур. Айниқса, ота-оналар фаоллигини янада кучайтиришимиз лозим. Жумладан, улар фарзандларининг уйда масофавий билим олишлари учун шароитлар яратиб, ўзлари кўпроқ бадиий китоблар ўқиб берсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Азиз юртдошлар, уйда қолайлик ва ҳар биримиз барчага шахсий намуна бўлайлик! 

 

Равшан АТАМУРАТОВ,

Хоразм вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+