“Шарқ қаҳрамони”нинг тилаги

14.04.2020 19:04:36

Хотира ва Қадрлаш куни яқинлашмоқда. Андижонлик Иккинчи жаҳон уриши қатнашчиси Саидаҳмад Исаев коронавирус пандемияси сабаб юзага келган холатдан келиб чиқиб, байрамни соғ-омонликда нишонлашни ният қилмоқда.

Собиқ Ворошилов (ҳозирги Қўрғонтепа) туманидан кўнгиллилар қаторида фронтга отланган ўспирин йигит, то уруш тугагунга қадар қўлида қурол билан жанг қилган. Унинг мардлиги ва довюраклиги ана шу оловли йиллардаёқ ўз баҳосини топган. У хақида Берлин газетасида “Шарқ қаҳрамони” сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

- Асли урушнинг сокин куни бўлмайди, - дея хотирлайди фахрий отахон.-. Айниқса, Москва мудофааси қақшатгич зарбалари билан ёдимда қолган. Ўшанда ўзбек йигитларидан ташкил топган танкларга қарши курашиш қисмида политрук эдим. 1941 йилнинг қаҳратонида гитлерчиларнинг бир нечта ҳамласини қайтариб, қарши ҳужумга ўтгандик.

Ҳамюртимиз Киев, Одесса, Днепропетровск, Кишинев шаҳарларни озод қилишда олдинги сафларда бўлди. Жанг майдонларида етти марта яраланганига қарамай, ғалабани фашистлар пойтахтида кутиб олди.

Урушдан сўнг партия мактабини тамомлаган Саидаҳмад ака ички ишлар тизимида самарали фаолият кўрсатди, Андижон давлат университетида ёшларга таълим-тарбия берди.

- Президентимизга раҳмат, - дейди қўлларини дуога очиб. – Ғалабага атаб, уруш қатнашчилари ва ногиронларига 10 миллион сўмдан пул берилаётгани бизга ғамҳўрликдан нишона.

96 ёшни қаршилаётган С.Исаев ҳозир ҳам бардам, руҳи тетик, хотираси яхши. Фарзандлари, набиралари ва чеваралари даврасида умргузаронлик қилмоқда.

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон шаҳар кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+