Шифокорларга ёрдам бериш даври келмадими?

22.07.2020 19:07:50

Мамлакатда ҳукм сураётган карантин чора-тадбирлари ва коронавирус хавфи туфайли одамлар анчагина таҳликага тушиб қолмоқда. Ортиқча ваҳима, қўрқувга берилиш одамларни касалликдан кўра кўпроқ ташвишга солиб қўйган. Аслида, барчаси оддий: тартиб-интизомни йўқотмаган ҳолда иш олиб борилса, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади.

Яқинда пойтахт бўйлаб тиббиёт муассасаларида ишчи гуруҳ билан ўрганишлар олиб борганимизда, шу нарса аниқ бўлдики, соғлиқни сақлаш тизимида амалга ошириш зарур бўлган ишларнинг салмоғи анчагина кўп экан. Маблағ етарли-ю, аммо уни мақсадли, тўғри тақсимлай олиш яхши йўлга қўйилмаганлиги сабаб ҳалигача шифокорлар ижтимоий ҳимояга олинмаган, шахсий ҳимоя воситалари етишмаяпти, тиббиёт ходимларига алоҳида тест ўтказиш йўлга қўйилмаган. Бу еса шусиз ҳам шифокор кадрлар танқислиги муаммосини баттар кучайтирмоқда. Яъни, иш жараёнида шифокорларнинг ҳам коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари учрамоқда. Хўш, шундай вазиятда  4-5 миллион сўм ойлик маош оладиган шифокор ўз чўнтагидан 10 баравар ортиқ пул сарфлаб, даъволаниши керакми?! Нега ушбу масалага тизимдагилар масъулият билан ёндашмаяпти?

Афсуски, бугунги Тошкент шаҳридаги эпидемиологик вазият тўлиқ назоратга олинмаган. Қанча вирусолог ва имунолог шифокор мутахассис бор, уларнинг қанчаси ишга жалб этилган-у, қаерда нечта шифокор хизмат кўрсатмоқда ва бу аҳоли эхтиёжларини қоплаяптими? Бу каби муаммоларга чек қўйиш учун таклиф сифатида келтираманки, бир қанча клиника диспансер шифокорлари, ҳарбий шифокорларни ишга жалб этиш орқали тез тиббий ёрдам станциялар фаолиятига кўпроқ керакли мутахассисларни қамраб олиш мумкин. Бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун ҳудудларда мобил бригадалар тузиш ҳам самарали натижа беради. Бу каби ўйлантираётган саволлар кўп, лекин бирортасига тизимли  жавоб йўқ. Шифокор ва ходимлар тун-у кун меҳнат қилишмоқда. Хатто, ойлаб ўз оиласи бағрини кўрмаётганлар бор. Бироқ уларни қийнаётган муаммоларга карантин бошланганига тўрт ойдан ошмоқдаки, ҳануз жавоб йўқ. Ўрганишлар давомида кузатганимдек, бунга талаб даражасида тартибга солинмаган ва бугунги кун талабига жавоб бермайдиган  тизим айбдорлигини айтиш мумкин. Бориб-бориб юкнинг ҳаммаси шифокорларга келиб тушмоқда. Хизмат қилган ҳам улар, айбдор бўлиб қолган ҳам улар. Мана шундай вазиятда соғлигимизни тиклашда асосий сабабкор бўлган шифокорларни ҳимоя қилишимиз қанчалик зарур эканлигини англашимиз керак.

Келинглар, уларга барчамиз бирлашиб мадад қўлларимизни чўзайлик, маънавий ва руҳий кўмак берайлик.

 

Бахром ВАЛИЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДПдан

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+