Шоир Омон Матжон билан ижодий учрашув

23.09.2019 20:09:59

Халқимиз азал-азалдан ижод аҳлларини эъзозлаб келган. Уларнинг ижод маҳсулларини қалб қўрида ардоқлаб авайлашга, ўзидан кейинги авлодларга бекаму кўст етказишга ҳаракат қилишган. Қалблардан чуқур жой эгаллаган ўлмас сатрлар эса тилдан тилга кўчиб, халқ ижодий меросининг ўлмас дурдонасига айланган.

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгашидан депутатликка номзод этиб кўрсатилаётган эл ардоғидаги шоир, Сирдарё вилоятидаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг директори, партиямиз аъзоси Муҳаммад Исмоил томонидан бадиий кеча уюштирилди.

Бадиий кечага Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон ташриф буюрди.  Шу билан биргаликда, бир неча йиллар Президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ахмаджон Отажонов, вилоят хокимининг ўринбосари Отабек Абдуғаниев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева, Ховос туман Кенгаши раиси Ғойибназар Райимназаров, партия ходимлари, “Сирдарё наволари” санъаткорлар ансамбли, ижод мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ижод кечасига жамланишди.

Бадиий учрашув ўзига хос тарзда шеърхонлик тадбирлари билан бошланди. Дастлаб, ижод мактаби ўқувчиларидан иборат жамоа саҳнага чиқиб, Омон Матжон шеърларидан намуналар айтишди. Ўқувчи-раққоса қизлар томонидан халқ шоирининг шеърлари асосида куйланган халқимиз севиб тинглайдиган ашулаларга рақслар ижро этилди. Сўнгра мамнуният билан сўз шоир Омон Матжонга берилди.

Шоирнинг “Аёлга мақтов” шеъри залда ўтирганлар нигоҳида қувонч ва ҳаяжонни акс эттириб, зўр олқиш билан тингланди. Халқ шоири шеърларидан жонли баҳраманд бўлингач, ўз навбатида ижод мактаби ҳақидаги илиқ фикрлари ҳам янграб ўтди.

- Мен Ҳалима Худойбердиевани ижодкор, халқ шоираси сифатида жуда яхши билар эдим. Мана бугун ижод мактабига 120 нафар ўқувчилар жамланибди. Мен келгусида буларнинг барчасини Ҳалима Худойбердиеванинг 120 нафар муносиб издошлари бўлишига ишонаман, – дейди шоир Омон Матжон.

Ижодий учрашув давомида Хоразм элининг фарзанди бўлган Омон Матжон шарафига “Сирдарё наволари” рақс ансамбли томонидан шоир шеърлари билан куйланган хоразмча куй ва қўшиқлар ижро этилди. Шунингдек, хаваскор хонандалар ижросида шоирнинг “Сенинг қарашларинг” номли шеъри билан куйланган қўшиғи айтилди. Бу ашулалар, рақс ва куй-қўшиқлар бадиий кечага алоҳида жозибадорлик бахш этди.  

Учрашув сўнгида Ўзбекистон “Адолат” СДП Ховос туман Кенгаши раиси Ғойибназар Райимназаров ижод мактаби ўқувчиларига бадиий китоблар туҳфа этди. Мактаб директори, таниқли шоир ва ёзувчи, партиядошимиз Муҳаммад Исмоил Омон Матжон эгнига тўн кийдирди. Вилоят партия ташкилоти  томонидан ҳам шоир ҳамда меҳмонларга  эсдалик совғалари топширилди.  Мазкур учрашув ва унда кечган ижодий муҳит барча йиғилганлар қалбидан чуқур жой эгаллади.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+