Сифатли тиббий хизмат - халқ розилиги кафолати

23.10.2019 12:10:28

Ўзбекистон  “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастур  лойиҳасида илгари сурилган йўналишлар халқчил ва ҳаётбахшлиги билан  диққатга сазовордир. Дастурда  аҳоли саломатлигини кўзлаб сифатли ва замонавий тиббий хизматни ривожлантиришга чуқур эътибор қаратилган. Шуни эътироф этиш жоизки, партиянинг амалдаги сайловолди дастуридаги  тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган халқчил ғоянинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш натижасида республикамизда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг  яхлит ташкилий тузилмаси яратилди, у бирламчи тиббий – санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан бошлаб, то мураккаб юқори технологияли тиббий хизматлар кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача барча даражаларни қамраб олди.

Партиянинг бу галги сайловолди дастури лойиҳасидан ўрин олган  сифатли ва замонавий тиббий хизматни йўлга қўядиган бўлсак, аҳолининг  барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам, сифатли тиббий хизматдан  фойдаланиши таъминланади. Хусусан, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган болаларнинг турли касалликларга  чалиниши, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олди олинади, скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология  ва патронаж хизматлари фаолияти такомиллашади.

Маълумки, касалликларнинг аксарияти нотўғри овқатланишдан келиб чиқади. Дастур лойиҳасида илгари сурилган аҳоли истеъмол қиладиган  озиқ-овқат  маҳсулотларининг  сифати ва ҳафсизлигини  таъминлашнинг қатъий чораларини кўришга қаратилган эътибор ва бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг айниқса ёшлар орасида турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, дастур лойиҳасида  кўтарилган тиббиёт  кадрлар салоҳиятини  ва малакасини тубдан яхшилаш энг долзарб масала. Бу партиянинг  “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида  олиб борилган ўрганишларда жумладан,  ўқув муассасаларидаги тиббиёт ҳамшираларнинг тиббий саводхонлиги паст эканида яққол намоён бўлди.

Сайловолди дастур лойиҳасида  илгари сурилган барча йўналишлар ҳаётга татбиқ этилиб, халқимиз, мамлакатимиз келажаги йўлида хизмат  қилиши  зарур. Бу эса ҳар бир партия фаолидан масъулият ва  меҳнатни талаб қилади.  Партиямиз мақсад ва маслакларини рўёби учун зиммамиздаги бурчимизни унутмаслигимиз  керак. Зеро,  мақсадимиз-халқ розилигига эришиш.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+