Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига ўрин йўқ!

15.11.2019 20:11:57

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши томонидан жорий йилнинг 14 ноябрь куни Тошкент вилояти  Оҳангарон шаҳар Маданият саройида “Сифатсиз ва қалбакилаштирилган  дори воситаларига қаршимиз!” шиори остида  маданий-кўнгилочар тадбир ўтказилди.

Унда Халқ депутатлари вилоят  Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фаоллари, тиббиёт ходимлари  ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда тиббиёт вакиллари ва аҳоли томонидан соғлом турмуш тарзини акс эттирувчи  тарғибот  чиқишлари намойиш этилди. 

Тадбирда сўзга чиққан фаоллар томонидан қайд этилганидек, сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларини тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашишда партия аниқ вазифаларни амалга оширмоқда. Хусусан, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг фаолиятини самарали ташкил этишда тўсиқ бўлаётган муаммолар, шу жумладан, шифокорлар ва дори-дармонларнинг етишмаслиги, моддий-техника базанинг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, амалий кўмак бериб келинмоқда. Шунингдек, партия фаоллари барчани мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки фаол ташаббускори, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш давр талаби экани ҳақида фикр-мулоҳазаларни билдиришди.

Декабрь ойида бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, вилоят ва туман-шаҳар кенгашларига сайловга тайёргарлик кўриш, аҳолининг жараён ҳақидаги ҳуқуқий билимларини юксалтиришда ташкил этилаётган тарғибот тадбирлари долзарб аҳамиятга эгадир.

Бўлиб ўтган митингда партиянинг амалий ҳаракатлар Дастурида кўзда тутилган “Адолат” СДП ғояларининг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган чиқишлар билан янада қизиқарли ўтди.

Махамади Шукуров,  “Адолат” СДП Оҳангарон шаҳар Кенгаши раиси:

– Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, турли хасталикларнинг олдини олиш, дори-дармонларга бўлган талаб ва эҳтиёжни қондириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланиб қолди. Айнан партиямизнинг бу борада олиб бораётган ташвиқот ишлари, сайловолди дастурида илгари сураётган устувор ғоялари келгусида мамлакатимизда соҳа муаммоларини бартараф этиш учун хизмат қилади. 

Матлуба Арслонова, Оҳангарон шаҳар кўп тармоқли поликлиника шифокори:

– “Адолат” партиясининг Сайловолди дастурида кўзда тутилган қатор лойиҳалар халқчиллиги ва адолатлилиги билан бизнинг мақсадларимиз билан муштаракдир. Бугун қалбаки дори-дармонлар муаммоси глобал тавсифга эга. Халқимизнинг саломатлиги, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишларида сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларининг салбий таъсири катта. Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари муомаласини тартибга солиш соҳасида мавжуд мустаҳкам қонунчилик базасига қарамасдан, муаммо ҳамон долзарблигича қолмоқда.  Бугунги долзарб  мавзу ҳам салбий воситаларга қарши курашишга ва ўз соғлигимизни муҳофаза қилишга чақиради.

Янгича услубда ўтказилган тарғибот тадбирида партия фаолиятига тааллуқли викторина ўтказилиб, фаол иштирок этганларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат”  СДП

Тошкент вилояти Кенгаши  

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+