Синов кунларидан бирдамликда, қонунларни ҳурмат қилган ҳолда, эсон-омон ўтиб оламиз

26.03.2020 15:03:28

Мамлакатимиз ҳам бутун жаҳонни ларзага солган коронавирус пандемиясига рўбарў бўлди. Аввал-бошда халқимизни биз бундай курашга тайёрмизми-йўқми деган хавотир безовта қилгани ҳам рост. Аммо Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматининг тезкорлик билан қабул қилган қарорлари, чора-тадбирлари халқнинг бундай хавотирга берилмаслигига сабаб бўлди, ишонч ортди. Давлатимизнинг бу соҳада олиб бораётган сиёсати таҳсинга лойиқ, албатта.

Бугунги кунда тиббиёт соҳаси ходимлари ва бошқа тегишли ташкилотлар кечаю кундуз ишлашмоқда. Биз уларга чексиз миннатдорлик билдирамиз. Чунки, айни пайтда тиббиёт ходимларининг зиммасидаги юки жуда ортиб кетди. Уларнинг айримлари, жоиз бўлса, қаҳрамонларча фаолият олиб бормоқдалар. Шунинг учун ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, одамлар саломатлиги учун курашаётган фидойи касб эгаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун куни кечагина III ва IV даражали “Соғлом авлод учун” ордени ҳамда “Соғлом авлод учун” медалини таъсис этишга доир қонунларни қабул қилдик.

Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ташкил этилиши бугунги кунда ўзининг самарасини беряпти. Шунингдек, Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони зарурий чора-тадбирларни ўз вақтида тезкорлик билан қўллашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасига 10 триллион сўм маблағ ажратилиши иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли даромадлари пасайиб кетишининг олдини олиш, кам таъминланган қатлам ҳимоясида вазиятни бошқариш учун қўйилган катта қадам бўлди.

Шу ўринда давлатимиз раҳбарияти билан бирдамликда биз фуқаролар ҳам пандемия давридан ортиқча талафотларсиз чиқиб кетишга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Яъни, энг биринчи навбатда, карантин тартиблари ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишимиз керак.

Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Маълумки, парламент қуйи палатаси депутатларининг қонунлар муҳокамасидаги позицияси халқ манфаатларидан келиб чиқади. Шу нуқтаи назардан, Қонунчилик палатасининг 2020 йил 23 март куни бўлиб ўтган мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди. Қонун лойиҳасида карантин вақтида жамоат жойларида ниқобсиз юриш ҳамда уни бузганлик учун жарималар белгилаш нормалари акс этган. Бу борада ҳукуматнинг ниқобсиз жамоат жойларида юрганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима белгилаш таклифи атрофлича кўриб чиқилди. Депутатларнинг қизғин муҳокамаларидан сўнг бу жарима миқдори 5 бараварга туширилди. Карантин қоидаларини бузганлик учун эса, ҳукуматнинг 50 баравардан 100 бараваргача жарима солиш таклифи 20 баравардан 30 бараварга, қоидаларни бузиш такрорланса, 100 баравардан 150 бараваргача жарима таклифи 30 баравардан 50 бараварга туширилди.

Сабаби, бу жарима миқдорлари қўлланадиган бўлса, аҳолининг асосий қисми қийналиб қолади. Эътиборлиси, карантин муддати ўтгач, депутатлар бу нормаларни бекор қилиш таклифи билан ҳам чиқиши мумкин. Чунки, бугун бундай жарималар қўлланиши бировни жаримага тортиш мақсадида эмас, балки профилактика, жамиятда тартиб бўлиши учун қўлланиши кўзда тутилади.

Тадбиркорларимиздан ҳам шу қийин кунларда ўз фаолияти билан халқимизга хизмат қилишда оқилона йўл тутишни сўраган бўлардик. Чунки, бугунги ҳар бир сизнинг ўз фойдангиздан кечиб қилаётган чегирмангиз бир неча оилани қутқариб қолиши мумкин. Шу ўринда дорихоналарда тақчил бўлаётган антисептик воситалар ва тиббий ниқоблар масаласида ҳам тадбиркорлар, кичик корхоналар фаолияти ихтисослашувини вақтинча тезкорлик билан ўзгартириш орқали ана шу масалани ечиш мумкин. Бу ҳақда биз ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ўз фикрларимизни билдирдик. Мабодо бундай корхоналарга сунъий тўсиқлар бўлса, барча бюрократик тўсиқларни бекор қилишимиз зарур. Кейинги йилларда Ўзбекистонда тўқимачилик, енгил саноат жуда ривожланди. Қанчадан-қанча аёллар тикув цехларида иш билан таъминланди. Демак, бугун тиббий ниқоблар Ўзбекистонда муаммо бўлмаслиги керак.

Таъкидлаш керак, юртимизда айни кунларда олий даражадаги инсонпарварлик сиёсати олиб бориляпти. Ўзбекистон ҳукумати чет эллардаги фуқароларимиз учун қайғуриб, уларни чартер рейслар билан юртимизга олиб келиб, бепул даволаниш ва бепул карантинда сақлаб, эл-юрт саломатлигини ўйламоқда. Аҳолига, тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар, солиқ таътиллари бермоқда, ижтимоий ҳимояга эътибор қаратилмоқда. 14 ёшгача боласи билан карантинда ўтирган оналар учун ойлик иш ҳақининг сақланиши, мураббий ва ўқитувчилар учун ойлик иш ҳақининг сақланиши ва қатор кўплаб енгилликлар бугун давлат ва халқ бирлашганини кўрсатади.

Зеро, мамлакатнинг энг катта бойлиги бу халқдир. Бу синов кунларидан бирдамликда, белгиланган тартиб, қонунларни ҳурмат қилиш ва ўзаро меҳр-мурувват орқали бирдамликда эсон-омон ўтиб олишга ҳаракат қиламиз.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

"Адолат" СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+