Янгиликлар 3995
Сиёсий жараёнларга тайёрмиз!
Маълумки, жорий йилнинг 20 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги ҳақида эълон қилинган эди. Мазкур жараёнлар ҳар битта сиёсий партия олдига муҳим вазифаларни қўяди. Айниқса, аввалги йиллардаги сайлов жараёнларидан фарқли ўлароқ, бу йилги сиёсий жараён аниқ низом ва қатъий тартиб асосида ўтказилиши белгиланмоқда. Ушбу ўринда янги қабул қилинган Сайлов Кодекси ва унинг нормалари асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
Мамлакат ҳаётидаги муҳим жараён ҳисобланмиш мазкур сайловга тайёргарлик ишлари Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ҳам бошлаб юборилган. Бугунги кунда сайлов жараёнларини муносиб ўтказиш учун вилоят партия ташкилоти жадаллик асосида фаолият юритмоқда. Албатта, бу борада партиявий позиция асосида ишларни ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратилган. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси тенглик, бирдамлик тамойилларига амал қилиб, жамиятда адолатлилик принципларини илгари суради. Жойларда ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот ишларида айнан мана шу жиҳатлар эътироф этилиб, партиявий ғоялар илгари сурилмоқда.
Сайловда қатнашиши лозим бўлган барча фуқароларга бу бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқдаки, илгари сураётган ғоя ва мақсадларимиз сайловолди дастуримизда акс этади. Шунингдек, келгусида сайланган депутатларимиз орқали сайловолди дастурида кўрсатилган шартлар асосида сайловчилар ишончи қозонилади. Тайёргарлик босқичида энг сара номзодларни кўрсатиш, бевосита сайловчилар ишончига кира оладиган, ишончни оқлаб натижа кўрсата оладиган номзодларни саралаш катта аҳамиятга эга бўлганлиги боис, ушбу ишлар фаолиятимизнинг диққат-эътибор марказида бўлмоқда. Энг асосийси, уларнинг дастур ва режаларини халққа танитиш, ташвиқот ишларини кучайтириш учун ахборот хизмати ишини жадаллаштириш зарурдир. Вилоят партия ташкилоти бу борада ҳам тизимли ишларни йўлга қўймоқда ва шу асосда тезкор тарғибот воситаларидан фойдаланиб, ўз фаолиятини йўлга қўймоқда.
Хулоса қилиб айтганда, демократик жамият белгиларидан бўлмиш сайлов жараёнлари очиқлик, ошкоралик, шаффофлик асосида ташкиллаштирилиши учун барчамиз бирдай тер тўкиб хизмат этишимиз зарур. Юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар сарҳисобидан ҳам яхши англашимиз мумкинки, бу йилги сайлов демократик давлатнинг ҳаққонийлигини кўрсатиб берадиган восита бўлишига аминмиз.
Сардор ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сирдарё вилоят Кенгаши
туманлараро ижрочи котиби
Фикрингизни қолдиринг