Сиз ватанпарвармисиз?

15.01.2021 15:01:30

Она Ватан! Нима учун Ватанни она сўзи билан ёнма-ён ишлатамиз? Чунки, Ватан ҳам онамиз сингари азиз, меҳрибон ва қадрлидир. Инсон дунёга келмасидан аввал онанинг вужудида улғайса, дунёга келгач Она Ватанда униб ўсади.

Кишининг туғилганда киндик қони тўкилган ер унинг Ватани ҳисобланади. Мана шу Ватанини асраб-ардоқлаш, химоя қилиш хар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Ахир доноларимиз бекорга айтишмаган:

Туғилган ердан кўнгил узилмас,

Юрт қўрганнинг юрти бузилмас.

Юртда ватанни севадиган, ардоқлайдиган ва ҳимоя қиладиган мардлар бор экан, шу юрт доимо юксалаверади.

Ҳар бир инсон учун ўзининг туғилиб ўсган ватанидан ардоқлироқ маскан бўлмаса керак.

Она Ватанини севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаш ва соғиниб яшашлик энг нозик ҳис-туйғудир. Қаерга бормасин киши ўз ватанини қўмсайди. Чунки, инсон дунё юзини кўргач биринчи бўлиб ватанидаги ҳаводан нафас ола бошлайди, ватанидаги тупроқда илк қадамларини қўйиб юришни ўрганади, дунёни танишни шу ватанни англашдан бошлайди. Илк киндик қони тўкилган, дастлабки қадамларини қўйган тупроқни ҳимоя қилишлик барчамизнинг Ватан олдидаги муқаддас инсонийлик бурчимиз.

Ватан ҳимояси энг олий қадрият. Унинг асосини Миллий армиямиз ташкил этади. Шу мақсадда 1992-йил 14-январь Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. 1993-йилдан эътиборан 14-январь юртимизда «Ватан ҳимоячилари куни»- деб эълон қилинди. Қисқа вақт давомида миллий армиямиз ҳеч бир мамлакатдан ортда қолмайдиган даражадаги қурол-аслаҳаларга, жанговор ускуналарга эга бўлди. Республикамиз Қуролли Кучларида хизмат қилаётган аскарларнинг савияси ҳам маънан, ҳам жисмонан юксак даражага етиб улгурди, десак муболаға бўлмайди.

Бугун ана шу байрам арафасида барчамиз яна бир бор ватан ҳимояси қанчалар буюк иш эканини ҳис этайлик. Қўрғонимизнинг мустаҳкамлиги йўлида хизмат қилаётган мард ўғлонларимиз омон бўлсин.

Мутафаккирлардан бири шундай деган экан: «Ватанпарвар-ўз ватани камолоти йўлида ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор будини фидо қилувчи инсондир». Бундай ватанпарварлари бор юрт доимо тинч, осмони мусаффо ва ҳаёти фаровон бўлади. Сиз ҳам ватанпарвармисиз?

                                    

Малохатхон МУСАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

вилояти кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+