Сиздан озод ва обод Ватан қолди

03.09.2020 16:09:44

 

Регистон майдони яқинида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти хотирасига ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига давлат ва жамоат ташкилотлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан гуллар қўйилди. Ушбу жараёнда иштирок этар эканман, кўнглим фахрга тўлди, биринчи Президентимиз бизга қолдирган обод, озод ва келажаги буюк шу юрт равнақи учун масъулият ҳиссини сездим.

Айни кунларда мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллигини кенг нишонлаётган бир пайтда, шундай шукроналик кунларида биринчи президентимиз Ислом Каримовни хотирламасликнинг иложи йўқ. И.Каримов аждодларимизнинг шонли тарихидан куч - қувват олиб, Ўзбекистонимизни Мустақил Давлат деб эълон қилди. Ўзбекни, Ўзбекистонни бутун дунё таний бошлади. Унинг раҳнамолигида она юртимизда улкан ўзгаришлар юз берди. Мустақиллигимиз шарофати билан биз ўз қадр-қимматимиз, миллий давлатимиз, тилимиз ва динимизни, миллий қадриятларимизни тиклаб, жаҳон ҳамжамиятида ўзимизга муносиб обрў-эътибор қозонишга эришдик.

Ислом Каримов Ватанимиз равнақи ва юксак тараққиёти йўлида бир-биридан улуғ ва ўта муҳим ишларни амалга оширди. Биз Биринчи Президентимизнинг жасорати, фидойилиги олдида ҳар доим бош эгамиз. Ислом Каримовнинг мамлакатимиз ривожи, юртимиз тараққиётига қўшган ҳиссаси ниҳоятда катта.

Бугун Ислом Каримов мустақиллигига асос солган давлатимиз 29 ёшда. Жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни, ўз мавқеъига эга бўлди.  Биз у кишининг номини буюк давлат арбоби, республикамиз мустақиллигининг тамал тошини қўйган инсон сифатида чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этамиз.

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+