Сизга ўхшагим келади, устоз!

01.10.2020 16:10:28

 

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда Президентимизнинг иштироки очиғи  қалбимизни қувончга тўлдирди.  Негаки давлат раҳбарининг  бу ташаббуси соҳа вакилларига, қолаверса  келажак авлод таълим-тарбиясига бўлган эътибор демакдир.  Аниқроғи, Ўзбекистонда  таълим ва тарбия масаласи устувор йўналиш даражасига кўтарилганининг ифодаси.

“Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз”,  деди Шавкат Мирзиёев таълим фидойиларига қарата.  Жуда ўринли баҳо.  Устозларсиз ҳаётда муносиб ўрин топиш, бирон бир ютуққа эришиш мумкин эмас.

Собиқ ўқувчи сифатида ортга назар ташлаб бунга яна бир бор амин бўламан. Барчаси устозлар йўриғи, кўрсатмалари ва меҳнати билан. Биринчи ўқитувчингизни қўлингизга қалам ушлашни ўргатгани, Она ва Ватан сўзларини илк бор ёзганингизни кўз олдингизга келтиринг. Бу устозлар  меҳнати туфайли.  

Ҳаётда байрамлар кўп. Улар орасида Ўқитувчи ва мураббийлар кунини наинки соҳа ходимлари, барчамиз интиқлик билан кутишимиз  бежиз эмас.  Чунки байрам баҳона бу улуғ инсонларга бўлган ҳурмат ва меҳримизни кўрсатамиз.

"Устоз отангдек улуғ", дейдилар. Бу бежиз эмас. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади. Шундан бўлса керак,  барча бирдек болаликда шу касбни танлайди. Мен ҳам доим устозимга ўхшагим келади.

Ўқитувчилик  ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблиги, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди. Айниқса,  Ўзбекистон шиддат билан ривожланиб бораётган вақтда соҳа ходимлари олдидаги масъулият янада ортди. Ва улар бунга муносиб жавоб бермоқдалар. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллик тантаналарида «Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда», деган сўзлари фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Кейинги йилларда тизимда мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришилди. Амалга оширилган ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан боғлиқ.  Бу шубҳасиз, дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимизнинг кафолотидир.

Устоз! Сиз эъзоз ва эътиборга муносибсиз.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+