Сизга таъзим, азиз аёллар!

06.03.2020 18:03:59

Бугун аёлларга берилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар уларнинг фаолиятларини кенгайтиришда, ташаббус кўрсатилишида хизмат қилмоқда. Қувонарлиси, республикамизда олти нафар аёлларнинг ҳоким этиб тайинланганлиги уларга бўлган ишонч ва эътиборни кучайтирди. Албатта, партиямиз фаолиятида ҳам аёллар фаолияти қўллаб-қувватланди. Уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш мақсадида ташкил этиб келинаётган танловлардан асосий мақсад ҳам аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини оширишдан иборатдир.

Куни кеча партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Когон шаҳрида “Сизга таъзим, азиз устозлар” номи остида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда партия вилоят Кенгаши ҳамда туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари, фаоллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов аёлларнинг бугунги фаолияти, уларга қаратилаётган эътибор ва жамиятнинг ўрни хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, партия вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан амалга оширилган ишлар, тиббий кўриклар, акциялар ҳамда аёлларнинг муаммоларини ҳал этиш ва иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган кўргазмалар тўғрисида ҳам гапириб ўтди.

Тадбирда иштирок этган иқтидорли ёшлар “Она” ва “Илтижо” номи остида саҳнавий чиқишлар қилишди. Уларнинг ҳар бир чиқиши йиғилганлар қалбига ўзгача шукуҳ ва илиқлик улашди.

  • Аёл жамиятнинг бўғини, устунидир. Мамлакатимизда унга қаратилган эътибор бутун бошли жамиятни ўзгартиришга, яхшиликлар қилишга ундайди. Партия вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган бугунги маданий-маърифий тадбир когонликларга кўтаринки кайфият улашди. Айниқса, уларнинг оила, маҳалла, умуман, жамиятдаги ўрни ва ролини оширишда кўмак бўлди. Айтилган илиқ фикрлар, саҳнавий кўринишлар аёлларнинг ўзига бўлган ишончини оширди, - дейди Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати Дилфуза Эргашова.

Тадбирда янграган куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлаб, қувонч улашди. Тадбир сўнгида эса фаол аёлларга партия вилоят Кенгаши томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.  

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизмати  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+