Соғлиқни сақлашни сақлаб қола оламизми?

26.02.2020 11:02:00

Бугунги кунда фуқароларимиз соғлиқни сақлаш соҳасидан рози эмас. Қайси вилоятга чиқманг, аксариятида фуқаролар тиббий хизматлар сифатининг лоақал қониқарли даражада эмаслигига албатта тўхталади.

Тўғри аҳолининг соғлиқни сақлаш тизимидан розилигини таъминлаш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қарорлар қабул қилинди. Аммо, уларнинг қанчасининг ижроси ҳаётда ўз аксини топди деган саволга жавоб бериш қийин. Бу билан қабул қилинаётган ҳужжатлар хаётий эмас дейишдан йироқмиз. Таҳлиллар уларнинг ижроси учун масъул идора ва ташкилотларнинг бепарволикка йўл қўяётганини кўрсатмоқда.

Биргина мисол келтираман. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги Фармони билан 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси ва 2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури ҳам тасдиқланди. 

Мазкур Фармон ва Концепцияда соҳадаги тизимли муаммолар кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш ва тизимни ривожлантириш учун аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Уларда молиялаштиришнинг янги механизмларини 2020 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич татбиқ этиш, соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби вазифалар белгиланган эди.

Юқоридаги Концепция ва соҳани ривожлантиришга мўлжалланган давлат дастурлари қабул қилинганига бир йилдан ортиқ вақт ўтди. Шу ўринда савол туғилади: соҳадаги ривожланишни аҳоли ҳис эта оляптими, ижобий натижалар борми?

Умуман олганда, жойлардаги ўрганишлар натижасида шуни кўриш мумкинки, бугунги кунда аксарият аҳолини соғлиқни сақлаш тизимидаги кўплаб муаммолар ташвишга соляпти ҳамда тизим фаолиятидан норозилигига сабаб бўлмоқда. Жумладан, шифохоналарга бепул йўлланма-ордерни олиш жараёнидаги қийинчиликлар, ногиронликни белгилаш тартибидаги муаммолар, шифокорларнинг етишмаслиги, тиббиёт ходимлари маошлари миқдорининг пастлиги сабаб кўплаб шифокорларнинг хусусий клиникаларда фаолиятини давом эттираётганлиги каби муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар таҳлил қилинганда, юқорида келтириб ўтилган ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини янада кучайтириш кераклиги, соҳада ҳал қилиниши лозим бўлган тизимли муаммолар ўз ечимини кутаётганилигини кўриш мумкин.

Хусусан, тиббиёт ходимларининг, айрим тор мутахассисларга бўлган талаб юқорилиги жойларда аҳолини тиббий кўрикдан ўтгазиш масаласида юзаки ёндашувларга олиб келмоқда. Битта тор мутаҳассис мисолида айтадиган бўлсак, бирламчи тиббиёт бўғинларида улар учун бир ёки икки нафар штат ажратилган бўлиб, аҳолиси 150 мингдан зиёд бўлган туманда диспансер кўригини жўяли ташкил этиш имконини бермайди.

Шунингдек, олис қишлоқларда беморларга амбулатор даволаш тавсия этилган тақдирда, мисол учун антибиотиклар тавсия этилса, беморлар иш вақтидан ташқари вақтда ҳамшира излашига тўғри келмоқда. Ваҳоланки, ҳар бир қишлоқ оилавий пунктларда қўшимча бир нафардан ҳамшира штати ажратиш орқали навбатчилик ташкил этилиши мумкин.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг жойлардаги ижроси аҳолининг кўплаб норозилигига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, жойларда ҚВПлар нотўғри қисқартирилган бўлиб, унда асосий эътибор кўпроқ аҳоли сонига қаратилган. Бироқ, қишлоқлар жойлашуви, туман марказидан узоқ-яқинлиги, қишлоқларга борадиган автомобил йўлларининг мавжуд эмаслиги ёки таъмирланмаганлиги ҳисобга олинмаган. Натижада кўп жойларда аҳоли бирламчи тиббий ёрдамдан маҳрум бўлмоқда.

Мисол учун, Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги “Бирлик” МФЙда мавжуд ҚВП қисқартирилган ва бино бутунлай бўшатилган. Ушбу маҳалла туман марказидан анча узоқ жойлашгани, бу ерга келадиган йўллар таъмирталаблиги, тез тиббий ёрдам машиналари лой кўчаларда ҳаракатлана олмаслиги сабаб аҳоли бирламчи тиббий ёрдам олишда муаммоларга дуч келмоқда. Натижада, маҳаллий аҳоли саломатлигига путур етмоқда.

Шу муносабат билан, соғлиқни сақлаш тизимида давлат раҳбари ва ҳукумат томонидан тасдиқланган ҳужжатлар ижросини етарли даражада таъминланиши устидан назорат ўрнатиш лозим. Жойларда камчиликларни аниқлаш мақсадида жамоатчилик назоратини ўтказиш, фуқаролар фикрларини ўрганиш амалиётини кенг жорий этиш муҳим ҳисобланади.

Ушбу муаммолар йиғилиб қолганининг асосий сабабларидан бири соғлиқни сақлаш соҳасида бошқарув тизимидаги ортиқча бюрократик тўсиқлар мавжудлиги, ҳаддан ташқари марказлашганлиги, қабул қилинаётган идоравий ҳужжатларни жойлардаги шароитга тўлиқ мос тушмаслиги каби ҳолатлар бугунги муаммоларни келтириб чиқарди.

Шу боис, мавжуд соғлиқни сақлаш тизими бугунги кун талабига жавоб бермаслигини инобатга олган ҳолда ушбу соҳада бутунлай янги, замон талабларига мос тизим яратиш вақти аллақачон келди. Зеро, эски тизим, эски услуб билан янгиликларни соҳага жорий этиб бўлмаслигини вақтнинг ўзи кўрсатиб турибди. Агар бугун ўзгартирмасак, эртага кеч бўлади...

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Қонунчилик палатаси депутати

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Kuldasheva Marhabo
2020-03-01 22:07:50
Juda tugri fikr, qani edi tib.tizimini tugirlidigan bizga aqlli bosh chiqsa, bunda uqitish sistemasini tubdan uzgarishi kk, haqiqiy kuchli ishini ustalari chiqishi kk, vrachlaga tushadigan masuliyatga yarasha daromad oshirilishi kk,...

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+